Мамлакатимизда кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ҳамда давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни очиқ, шаффоф ва мустақиллик принциплари асосида ўтказишда халқ ҳокимияти ва сиёсий плюрализмнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва сайлов тизимини босқичма-босқич модернизациялаш бўйича бир қатор амалий чоралар кўрилди.
Маълумки, Сенатнинг 12-ялпи мажлисида «Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» Қонунни маъқулланган эди ва бу халқаро ва миллий экспертларнинг тавсияларига кўра қабул қилиниб, халқаро ҳам жамият томонидан ҳам ижобий баҳоланган эди.
Амалдаги сайлов тўғрисидаги қонунчиликнинг таҳлиллари сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш ҳамда сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоятлар бериш борасида айрим муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.
ЕХҲТ сайловлари бўйича миссияси томонидан эса сайловчилар билан учрашувларни ўтказиш учун алоҳида рухсатнома талаб этилмаслигини ва номзодлар уларнинг ўтказиш жойи ва вақти ҳақида тегишли ҳокимликларни 3 кун олдин ёзма равишда хабардор қилиши лозимлигини белгилаш тавсия этилган.
ЕХҲТ сайловлари бўйича миссияси сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятларни фақат суд кўриб чиқишини белгилашни тавсия қилган.
Муҳокама қилинган Қонун билан сайлов жараёнига нисбатан ягона шаффоф ва самарали ёндашувларни назарда тутган ҳолда, у билан миллий экспертлар тавсиялари асосида қуйидаги ўзгартишлар киритилмоқда:
- юқори турувчи сайлов комиссияларининг ваколатларидан қуйи турувчи сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишни чиқариб ташлаш;
- Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва ўн бир – ўн саккиз нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилишини белгилаш;
- сайлов бюллетенида номзоднинг эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури), иш жойи кўрсатилиши ҳақидаги нормани чиқариб ташлаш;
- сайловда сиёсий партия ёки номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишда фуқаролар паспорт билан бир қаторда идентификация картаси орқали ҳам шахсини тасдиқлаши мумкинлигини белгилаш;
- сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар уларнинг ўтказилиши жойи ва вақти ҳақида туман (шаҳар) ҳокимликлари камида уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказилиши, бунда, ушбу оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб этилмаслигини белгилаш.
Ушбу Қонунни қабул қилиш миллий сайлов қонунчилигимизни умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида янада такомиллаштиришга ва мазкур йўналишда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни халқаро ҳамжамиятга етказишга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.