Мамлакатимизда жорий йил 24 октябрда бўлиб ўтадиган Президент сайловига тайёргарлик жараёни қизғин босқичга кирди. Ҳадемай, ушбу муҳим сиёсий тадбирнинг асосий босқичларидан бири – Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти бошланади. Сайловолди ташвиқотини ташкил этиш тартиби қонунчилигимизда қандай акс этган? Ушбу мақоламизда шу хусусда маълумот беришга ҳаракат қилдик.

Айтиш керакки, Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14 апрелдаги тегишли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомда Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби белгилаб берилди.

Сайлов қонунчилигига кўра, сайловолди ташвиқоти – сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни номзодни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолиятдир. Сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади ва овоз беришга бир кун қолганида тугайди.

Амалдаги тартибга кўра, номзодлар сайловолди ташвиқотини олиб бориш борасида тенг ҳуқуқларга эга. Айни пайтда номзод Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланиши учун унинг номидан ишончли вакиллар сайловолди ташвиқотини олиб бориши мумкин. Сайловолди ташвиқоти доирасидаги тадбирларда номзодларга ўзининг келгусидаги фаолияти дастури билан сўзга чиқиш ҳуқуқи берилади.

Эътиборлиси, номзодларнинг дастурлари муайян талабларга жавоб бериши шарт. Хусусан, давлат суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига қарши қаратилмаган бўлиши, халқнинг саломатлиги ҳамда маънавиятига таҳдид солмаслиги, уруш, миллий нафрат, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилмаслиги, конституциявий тузумни зўрлик ишлатиб ўзгартиришга, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини чекловчи ҳаракатларга даъват қилмаслиги керак.

Яна бир муҳим қоидага эътибор қаратиш зарур. Яъни, номзодларнинг дастурларини уларнинг розилигисиз таҳрир қилиш мумкинэмас. Амалдаги қонунчиликка кўра, ташвиқот оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация, интернет ахборот тармоқларида, шунингдек, босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чиқариш ҳамда тарқатиш, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилади. Сайловолди ташвиқоти даврида уни олиб боришнинг Сайлов кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомда тақиқланмаган бошқа турлари, шакллари ва усулларидан ҳам фойдаланилиши мумкин.

Оммавий ахборот воситалари орқали сайловолди ташвиқотини олиб бориш энг тезкор ва таъсирчан, шу билан бирга, кенг қамровли аудиторияга эга йўналишсаналади.

Шу боис, давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситаларида қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳақ эвазига эфир вақти ёки нашр майдони ажратилади. Бу жараёнда Президентликка номзодларга тенг имконият берилишини таъминлаш муҳим ҳисобланади. Бинобарин, амалдаги қонунчиликка кўра ташвиқот олиб борилаётганда давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақтини ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади.

Шунингдек, оммавий ахборот воситалари томонидан эфир вақти, нашр майдони учун белгиланадиган ҳақ тўлаш шартлари ҳамда бошқа талаблар барча учун тенг ва бир хил бўлиши керак.

Ўз навбатида, ташвиқот мақсадида оммавий ахборот воситаларидан бепул фойдаланиш тартиби, ҳажми ва вақти сиёсий партиялар фикрини инобатга олган ҳолда тегишли сайлов комиссияси томонидан белгиланади.

 Маълумки, Президентликка номзодлар сайловолди ташвиқотини босма,кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини чиқариш ҳамда тарқатиш орқали олиб боради. Мана шу масалада ҳам номзодларнинг тенглиги таъминланишининг ҳуқуқий асослари белгилаб қўйилиши баробарида, ташвиқот материалларини тайёрлаш, унинг мазмуни ва расмийлаштирилиши масаласида муайян талаблар бор. Хусусан, номзодлар ва сиёсий партияларга босма, кўргазмали, аудиовизуал материалларни, фонограммаларни, босма маҳсулотнинг электрон шаклларини ва бошқа ташвиқот материалларини монеликсиз чиқариш ҳамда тарқатиш учун тенг шароитлар яратилади. Ташвиқот материаллари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрланиши керак.

Босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларида буюртма берган ва тайёрлаган юридик шахслар номи, жойлашган манзили, адади, чиқарилган санаси ва материалга тегишли бошқа ахборотлар кўрсатилиши керак.

Сайловолди ташвиқотида сайловчилар билан учрашувлар катта ўрин тутади. Чунки бу тадбирларда номзодлар, бир томондан, бевосита сайловчилар билан мулоқотга киришади, иккинчи томондан эса, сайловчилар номзод билан жонли мулоқот асосида қизиқтирган саволларини бериб, номзод ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлади. Шу боис, номзодларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш борасида тенг имконият берилишини таъминлаш муҳим масала ҳисобланади.

Сайловчилар билан учрашувлар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар томонидан мустақил равишда ўтказилиб, бу учрашувларни ўтказиш жойи ва вақти ҳақида округ ёки участка комиссиясига маълум қилинади. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари номзодлар учрашувлар ўтказиши учун жиҳозланган хоналарни бепул ажратиши, зарур маълумот ва ахборот материалларини олишда ёрдам кўрсатиши шарт.

Шу ўринда икки ёки ундан ортиқ номзод ёки уларнинг ишончли вакиллари биргаликда сайловчилар билан учрашувлар ўтказишга ёхуд бошқа номзод томонидан ташкил этилган сайловчилар билан учрашувларда иштирок этишга ҳақлими, деган савол туғилиши мумкин.

Номзодлар бошқа номзодлар учрашувида ўзи ёки ишончли вакили иштирок этиши мумкин ёки биргаликда учрашув ўтказиши мумкин. Назаримизда, битта йиғилишда икки ва ундан ортиқ номзоднинг иштирок этиши сайловчиларда уларнинг дастурларини ва ўзларини бевосита солиштириш орқали маълум бир фикрга келиш имконини беради.

Шундай қилиб, сайловолди ташвиқоти сайлов жараёнининг муҳим бир босқичи бўлиб, унда барча Президентликка номзодлар учун бирдек шарт-шароит яратилиши – демократик сайлов кампаниясининг муҳим шарти ҳисобланади.

Мавлуда АҲМАДШОЕВА,

 Тошкент давлат юридик университети профессори,

юридик фанлар доктори.