Музокаралар чоғида ўзаро туристлар оқимини кўпайтириш, музейшунослик ва археология соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Холид ал-Ананийнинг таъкидлашича, 2018 йил 4-5 сентябрь кунлари Миср Президентининг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида имзоланган Туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим сайёҳлик, маданий ва маънавий йўналишлардаги ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришга қулай имкон яратди.

Суҳбатдош Мадрид шаҳрида ўтказилган ЮНВТОнинг 24-сессияси чоғида Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов билан бўлган учрашувни илиқ хотирлади. Холид ал-Ананий ЮНВТОнинг 25-сессияси мезбони сифатида Самарқанд шаҳри танлангани билан табриклаб, ушбу тадбирда Миср томони юқори даражада иштирок этишини маълум қилди.

Вазир туризм, музейшунослик ва археология соҳаларида Миср ва Ўзбекистон мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш, маҳорат дарслари уюштириш, ҳамкорликда қўшма лойиҳалар ташкил этишда кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Миср туризм ва қадимий ёдгорликлар вазирига Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида туризм ва музейшунослик соҳаларида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида батафсил маълумот тақдим қилинди.

Хорижликлар, хусусан, Миср фуқаролари учун Ўзбекистонга кириш тартиби соддалаштирилиб, “E-Visa” тизими орқали электрон виза олиш имконияти яратилгани ҳам алоҳида урғуланди.