Мулоқотлар давомида ички ишлар фаолиятига оид, суд қарорлари юзасидан ва прокуратура органларига энг кўп мурожаат келиб тушди. Шунингдек, мазкур қабуллар вилоятда банк тизими, газ ва электр таъминоти, меҳнат ва бандлик, йўлларни таъмирлаш, уй-жой, моддий ёрдам, ижтимоий таъминот, суд қарорлари ижроси ва алимент, соғлиқни сақлаш, кадастр, мактабгача таълим ва халқ таълими масалаларида ҳам ечимини кутиб турган кўплаб муаммолар борлигини очиқ-ойдин кўрсатиб берди.
Масъуллар ўз соҳаси бўйича мурожаатларни тинглаш билан бирга олис қишлоқ ва маҳаллаларга бориб, аҳоли муаммоларини ўрганди.
Бу жараёнда йўллар таъмири билан боғлиқ қатор масалалар ҳам жойида ҳал қилинди. Мурожаатлар асосида 1,8 км. йўлга асфальт қопламаси ётқизилди, 6 км. лой-тупроқ кўчалар тош йўлга айлантирилди.

Бухоролик Жамшид Раҳимов қабулга кўпнинг ташвиши – Чорбакр зиёратгоҳига борадиган автомобиль йўлини таъмирлаш масаласига ечим излаб келди. Мурожаат жойига чиқиб ўрганилгач, шу куннинг ўзида 1 км. йўл таъмирлаб берилди. Вобкент тумани «Работохун» маҳалласи аҳолиси ҳам чангу лой йўлларда юришдан қийналиб кетган эди. Айниқса, ёғин-сочинли кунларда бу икки карра азоб бўлар эди. Шу маҳаллада яшовчи Абдураҳмон Фозилов мулоқотлар давомида бу муаммони кўтаргач, масалага ечим топилди. Бир кун ичида Работохун маҳалласининг 1 км. йўлига қум-шағал тўшаб берилди. Жондор тумани «Хумдонак» маҳалла фуқаролар йиғини Қўшработ қишлоғидаги 3,5 минг аҳоли ёзда ҳам, қишда ҳам йўл азобини тортарди. Уларнинг мурожаати жойига чиқиб ўрганилгач, шу куннинг ўзидаёқ ишга киришилди. Куннинг биринчи ярмидаёқ йўлнинг 0,5 км. қисми жорий таъмирланди.
Вобкент ва Жондор туманларидаги қабулларда аҳоли вакиллари масъуллардан икки тумандан Тошкент шаҳрига тўғридан тўғри автобус йўналишларини очиш масаласида амалий ёрдам сўради. Бу мурожаат Транспорт вазирлиги билан бирга ўрганилиб, ҳал қилинадиган бўлди.
Электр тармоқларидаги муаммолар ўрганилгач, уч кун ичида 3 та трансформатор янгиланди-таъмирланди, 8 та объектда электр энергияси кучланиши меъёрига келтирилди,бир қатор ҳудудларда симёғочлар ўрнига бетон-таянч устунлар ўрнатилди, замонавий электр ҳисоблагичлар ўрнатиб берилди.
Бухоро шаҳри Сомий кўчасидаги кўп қаватли 6-уй аҳолиси эса оммавий қабулга ичимлик суви ва том масаласига ечим сўраб келди. Сабаби – бу уйнинг томи таъмирталаб, юқори қаватларга эса сув чиқмас эди. Мурожаатдан сўнг бу муаммони зудлик билан ҳал қилиш чоралари кўрилди. Натижада қисқа вақтда 6-уйнинг том қисмини таъмирлаш ишлари бошланди. Ўрганишлардан сўнг Сомий кўчасидаги бошқа кўп қаватли уйлар ертўласида ҳам сувни юқори қаватларга узатиб берувчи элеваторлар ўрнатиш ишларига киришилди.
Бухоро шаҳрининг Турди Фароғий кўчасидаги 6-, 7-уйлар аҳолисининг мурожаатлари жойига чиқиб ўрганилгач, уйлар олдидаги таъмирталаб йўлакларни бетонлаштириб берилди.
Олий суд масъулларига мурожаатлардан сўнг 35 та иш назорат тартибида қайта кўриб чиқиладиган бўлди, 5 та даъво аризаси қабул қилиниб, назоратга олинди.
Бош прокуратура масъулларига мурожаатлар натижасида 7 та жиноят иши қўзғатишни рад қилиш бўйича қарор бекор қилинди, 5 та жиноят иши алоҳида назоратга олинди.
Мажбурий ижро бюроси вакиллари 7 та мурожаат бўйича алимент қарздорлигини ундириб берди, мол-мулкни бўлиш бўйича суд қарорлари ижроси таъминланди.
Ички ишлар вазирлиги масъулларига мурожаатлардан сўнг 4 та ҳолатда терговга қадар текширув ўтказилиши белгиланди, 3 нафар фуқаро ички ишлар тизимига ишга қабул қилинди, 2 мурожаатчи вақтинча рўйхатга қўйилди, 1 нафар собиқ ички ишлар ходими ишга қайта тикланди. Шунингдек, фуқаролиги бўлмаган 6 нафар шахсга Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспорти топширилди, 11 нафар фуқаронинг паспорти янгилаб берилди.
Марказий банк масъулларига мурожаатлардан кейин тадбиркорлик субъектларига 261,6 млн. сўм кредит ажратилди; қатор мурожаатчиларнинг кредит муддатлари узайтириб берилди.
Кадастр масаласи бўйича мурожаатлар асосида ижтимоий ҳимояга муҳтож 9 нафар фуқаронинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб берилди, 3 та ҳолатда тадбиркорлик билан шуғулланиш учун ер участкалари аукционга чиқарилди.
Мулоқотлар мобайнида кўплаб ижтимоий масалаларга ҳам ечим топилди. Дейлик, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда бошқа масъул ташкилотларга мурожаатлардан кейин уй-жойсиз қийналиб юрган 4 та оила оилавий ётоқхонадан турар-жой билан таъминланди, 25 нафар инсонга моддий ёрдам ва озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарига мурожаатлар асосида оғир аҳволдаги 8 нафар беморга даволаниш ва жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун йўлланмалар ажратилди, 30 нафардан зиёд эҳтиёжманд инсонлар ногиронлик аравачаси, протез-ортопедия воситалари, дори-дармонлар билан таъминланди.
Иш масаласида мурожаат қилган 39 нафар фуқаро доимий иш жойига эга бўлди, 3 та ҳолатда ойлик иш ҳақлари ундириб берилди.
Мактабгача таълим вазирлиги масъуллари 450 ўринли 18 та оилавий, давлат хусусий шерикчилик асосида 200 ўринли 2 та мактабгача таълим ташкилоти ташкил қилиш бўйича келишувларни имзолади. Бу билан 66 нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлашга эришилади.

Халқ таълими вазирлиги мутасаддиларига мурожаатлар асосида эса 12 нафар фуқаро халқ таълими тизимига ишга қабул қилинди, қатор мактаблардаги интернетга уланиш, тўгарак ташкил қилиш каби муаммолар ҳал қилиб берилди.
Қисқа айтганда, Бухоро шаҳри, Вобкент, Ромитан ва Жондор туманларидаги оммавий қабулларда 1 минг 554 та мурожаат асосида 1 минг 584 та масала кўриб чиқилди. Уларнинг 847 тасига жойида ечим топилиб, ҳал қилинди.132 та мурожаат эгаларига тушунтириш берилди, 605 та мурожаат бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, назоратга олинди.
Вазирлик ва идоралар, сектор раҳбарлари, мутасадди ташкилот ва корхоналар масъулларига назоратга олинган ҳар бир мурожаат қонун доирасида атрофлича ўрганилиб, амалда ҳал қилиниши юзасидан қатъий топшириқ берилди ва шахсий жавобгарлик юклатилди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан Президентимизнинг 2020 йил 29 январдаги «Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш юзасидан мониторинг-назорат тадбирлари амалга оширилмоқда. Қарор асосида мамлакатимизга хорижий давлатлардан келтириладиган ҳар бир бош наслли қорамол учун мавжуд имтиёзлар боис чорва моллари наслини яхшилаш асносида сифатли гўшт ва гўшт маҳсулотлари етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, вилоятда қўйлар наслини яхшилаш мақсадида хорижий давлатлардан наслдор қўй ва эчкиларни келтириш юзасидан тегишли тадбирлар ўтказилмоқда. Масалан, Қўшробод тумани дашт ҳудудда жойлашгани, ер майдонининг асосий қисми яйловлардан иборатлиги боис, бу ерда қўй ва эчкичиликни ривожлантириш учун катта имкониятга эга. Шу мақсадда тумандаги «Камрон Жавоҳир чорвалари» фермер хўжалиги томонидан Қирғизистон Республикасидан 170 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ эвазига 600 бош хисори қўйлар келтирилиши режалаштирилган. Лойиҳанинг биринчи босқичига асосан, туманга 450 бош наслли хисори қўйлар келтирилди.
— Ушбу фермер хўжалиги наслчиликка ихтисослашган бўлиб, 315 гектар ер майдонига эга, — дейди Инспекциянинг Қўшробод туман бўлими бошлиғи Ғиёсиддин Халиқов. — Айни кунларда хисори қўйлар Ўзагроинспекциясининг туман бўлими ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан карантин назоратига олиниб, зооветеринария кўригидан ўтказилди.
Туман ҳокимлигининг «Чорвачиликни ривожлантириш» дастурига кўра, Қирғизистон республикасидан ушбу фермер хўжалиги томонидан яна 150 бош, тумандаги иккита фермер хўжалигига 300 бош хисори қўйлари келтирилади. Инспекция органлари томонидан, хисори қўйлар белгиланган тартибда ветеринар назоратига олинади. Келгусида хисори қўйлар сонини кўпайтирган ҳолда аҳолига сифатли ва арзон гўшт маҳсулотлари етказиб бериш имконияти юзага келади.