Мамлакатимизда аҳоли билан яқиндан мулоқот қилиш, уларга турли ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, қонунчиликдаги янгиликлардан хабардор қилиш мақсадида “Адлия сайли” тадбирлари ўтказилмоқда. Тошкент вилояти адлия бошқармаси томонидан “Инсон қадрини улуғлаш — энг олий саодат” шиори остида ташкил этилган навбатдаги тадбир Чирчиқ шаҳридаги  “Машинасозлар” истироҳат боғида бўлиб ўтди. Бу ҳақида вилоят адлия бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Сайлда вилоят адлия бошқармаси, Чирчиқ шаҳар адлия бўлими, ФҲДЁ бўлими, Давлат хизматлари маркази, нотариус, адвокатлар, “Истиқболли авлод”, “Юкасалиш” нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан “бепул ҳуқуқий маслаҳат” бурчаклари ташкил этилиб, фуқароларнинг муаммоларини эшитиш ва уларни ҳал этиш бўйича тегишли ҳуқуқий-амалий ёрдам кўрсатилди.

Шу жойнинг ўзида сайёр давлат хизматлари, нотариал ҳаракатлар ва ФҲДЁ ҳаракатлари амалга оширилиб, ишсизлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш каби кўплаб масалаларга эътибор қаратилди. “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларнинг мурожаатлари назоратга олинди.  

 — Мамлакатимизда сўнгги йилларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, — дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи  ўринбосари Ҳамдам Назаров. — Бу эса ҳар бир фуқародан ҳуқуқий билим, ҳуқуқий маданият, ҳуқуқий саводхонлик талаб этади.  Бу каби тадбирлар орқали биз аҳолига Адлия органлари ҳамиша улар билан бирга эканлигини ҳис этишларига кўмаклашамиз. Тадбир давомида малакали мутахассислар томонидан 43 нафар фуқароларнинг муаммоли масалалари бўйича тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Шу каби тадбир доирасида “ўзимиз келдик” акцияси ўтказилиб, мобил автобусда аҳолига шу ернинг ўзида давлат хизматлари сайёр тартибда кўрсатилди. Хусусан, давлат хизматлари ва ФҲДЁ соҳасига доир 31 та мурожаатлар қабул қилинди, 19 нафар фуқарога сайёр хизмат кўрсатилди, 1 та никоҳ сайёр тартибда қайд этилиб, 2  нафар фуқаронинг фарзандларига туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари “Адлия сайли” тадбири давомида расмийлаштириб берилди.

Шу билан бирга, Юридик техникуми ўқувчилари томонидан тадбир иштирокчиларнинг адлия ва давлат хизматлари соҳасидаги ҳуқуқий билимлари ҳам синовдан ўтказилди. Улар иштирокида давлат бошқаруви органлари ва қонун ҳужжатларига оид турли викторина тарзида савол-жавоблар уюштирилиб, ғолибларга эсдалик совғалари топширилди.

Бундан ташқари, ёшлар ва имконияти чекланган шахсларга қонунчиликда берилган имтиёзлар, меҳнат муносабатлари, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун кредит олиш билан боғлиқ тест саволларини муваффақиятли бажарган фаол ёшлар муносиб тақдирланди. 

Тадбирда иштирок қилган аҳолининг маънавий-маданий дам олишига кўмаклашиш мақсадида корейс, тожик ва бошқа маданият марказлари ижросидаги концерт дастури барчага кўтаринки кайфият улашди.