Қарийб чорак асрдан зиёдроқ вақт ўтган бўлсада мустақиллик тантанаси кечагидек қувончларимизни безайверади. Қалбларимизга олам олам бахт, бетакрор ҳис-туйғуларни бағишлайверади. Нега биласизми? Чунки эркинлик, мустақиллик ўрнини босувчи одамга бу қадар ёқадиган бирор бошқа туйғу йўқ. Ҳеч кимга тобе ва қарам эмаслигимизни ўйласак энтикамиз, фахрланамиз. Ахир, не-не ота-боболаримиз бу кунларни узоқ вақт орзу қилганлар, тушларида кўрганлар, хаёлларида гавдалантирганлар. Ҳатто кўплари бу орзуга эришиш йўлида жонларини қурбон қилганлар. Бу йил миллатимиз фидоийлари қурбонликлари эвазига келган қимматбаҳо неъматимиз мустақиллигимизга 29 йил тўлмоқда.
Хақиқатни қўрқмай баралла айта олиш қандай бахт. Келинг ҳамма нарсани борича гаплашамиз. Осмонўпар сўзларнинг замони ўтди. Узоққа бормайлик сўнги тўрт йил ичида рўй берган ўзгаришларни олайлик. Президент Шавкат Мирзиёев ўтмишда йўл қўйилган хатоларни бартараф этиб, кўплаб танқидларга учраган тақиқларни бекор қилди, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига доир қатор амалий чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этилди. Сўз эркинлиги ва ҳукумат фаолиятининг очиқлиги таъминлагани, халқ қабулхоналарининг ташкил этилгани, президентга мурожаатлар тизимини фуқаролар учун қулай шакллари ишлаб чиқилгани, қўшни давлатлар билан алоқалар мустаҳкамлангани, ОАВлари ходимлари, журналистлар, матбуот хизматлари, блогерларнинг эркин фаолияти таъминлангани айниқса, республиканинг халқаро майдондаги имижини тубдан ўзгартирди.
Қуруқ гаплар, осмонўпар ваъдалар, қоғоздагина кўринадиган ютуқлар амалий ишларга ўрин алмаша бошлади. Назаримда юртимиз ҳақиқат томон илдам бориб, "ура-ура"чиликлар, ҳайбаракаллачиликлар барҳам топаётгандек!
Ютуқларимиз ҳақида тўлқинланиб гапиришим мумкин. Айниқса олий таълим соҳасининг ислоҳ қилинаётгани мени беҳад қувонтиради. Жаҳоннинг нуфузли олий таълим даргоҳларининг филиаллари юртимиздаги вилоятларда, чекка ҳудудларда ҳам ташкил этилмоқда. Бошқа мамлакатда ўқиш, ўқишни юртимизга кўчириш каби ишлар ҳам соддалаштирилмоқда.
Умумтаълим мактабларида ИТ хоналари ташкил этилиб, замонавий компьютер жиҳозлари билан таъминланмоқда.
Умуман қайси соҳани олиб қарамайлик, ҳар бирида янгича ёндашув, янгича муносабатларни кўрамиз.
Ютуқ ва натижаларимиз туб ислоҳотлар дебочасидир. Уларни холис ва ҳаққоний эътироф этишни матбуот ходими сифатида виждоний бурчим деб биламан. Тан олишимиз керак муаммолар ҳам камчиликлар ҳам йўқ эмас. Чунки бир қадам олдинга юриш учун ҳам тўғри йўлни танлай билиш лозим. Энг муҳими тўғри йўлда эканимиздан мамнунман. Ҳеч нарса ўз-ўзидан қўлга киритилмайди. Эзгу ишлар, миллионлаб одамларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш хамирдан қил суғургандек осон иш эмас. Бир нарсани таъкидлашни истардим. Ўтган даврда халқимизнинг иродаси ҳам бўй кўрсатди. Инсонпарвар сиёсатимизнинг негизини маънавий юксалиш ташкил этгани шубҳасиз.
Шу ўринда айтиш лозимки, инсон манфаати устуворлигини таъминлашга қаратилган туб ислоҳотлар енгил кечаётгани йўқ. Давлат раҳбарининг иродаси, уйқусиз кечалари, ўз ўрнида қилаётган тадбирлари эвазига юксалиб бормоқдамиз. Аслида мамлакатимизнинг келажакда қандай қудратга эга бўлиши ҳар биримизга, орзу-интилишларимизга ва албатта дунёқарашимизга ҳам боғлиқ. Ўзгаришни ўзимиздан бошласаккина юксалишга эришамиз. Оғир бўлсада ўзгаришлар заруратдир. Мустақилликнинг 29 йиллиги ортга қарасангиз моҳиятан ҳар биримизнинг руҳиятимизга таскин, эркинлик, умид ва ишонч олиб келаётганини кўрасиз. Фидокор халқимизнинг орзу-умидлари ўлмасин. Энг улуғ байрамимиз ютуқлар ва натижаларга тўла, мўл дастурхони билан кириб келмоқда. Ёмон кўзлардан асрасин. Хақиқатдан ҳам Ўзбекистонимиз қудрат манбаи, саодат масканига айланмоқда.
Камола АБДУВАЛИЕВА,
«Миллий тикланиш» партияси
Андижон вилоят Кенгаши матбуот котиби,
«Маърифат» тарғиботчилари жамияти аъзоси