Айни пайтда тизимнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар давом эттирилмоқда. 

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида шу ҳақда гап борди. “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокамаси жараёнида маҳалла институти мақоми Конституция даражасида мустаҳкамлангани қайд этилди. 

Бунинг мазмун ва моҳияти шундан иборатки, эндиликда давлатнинг ижтимоий сиёсати туман ёки шаҳардан эмас, балки маҳалладан бошланади. Чунки янгиланган Конституцияга биноан Ўзбекистон ижтимоий давлат экани, унинг бу борадаги сиёсати айнан маҳалладан бошланиши мантиқан тўғри. 

Охирги етти йилда маҳалла институтини такомиллаштириш давлатнинг диққат-эътиборида бўлиб, бу борада ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, айнан маҳалла тизимини такомиллаштиришга қаратилган 100 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. 

Ўз навбатида, сенаторлар фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш, шунингдек, бўшаб қолган ўринларга сайланган фуқаролар йиғинлари раислари фаолияти кафолатларини мустаҳкамлаш зарурати юзага келганини ҳам қайд этиб ўтди. 

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ва “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги қонунларга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар мазкур масалаларни тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган. 

Қонунда фуқаролар йиғини раиси ваколатлари муддати 3 йилдан 5 йилга узайтирилиб, бўшаб қолган ўринларга фуқаролар йиғинлари раисларини 5 йил муддатга сайлаш, шунингдек, фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссияларининг ваколатларига ўтказиш назарда тутилмоқда. 

Муҳокамада мазкур қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши фуқаролар йиғинлари раислари фаолиятини ҳамда фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар ишини самарали ташкил этишга хизмат қилиши алоҳида айтиб ўтилди. 

Шунингдек, қонунчиликка киритилаётган ўзгартириш сайловни ташкил этиш ва ўтказиш борасида ҳудудлардаги масъул раҳбарларнинг масъулиятини оширади ҳамда бўшаб қолган ўринларга фуқаролар йиғини раиси сайлови ўз вақтида ўтказилишини таъминлайди. 

Сенаторлар, маҳаллий кенгашларнинг Коррупцияга қарши курашиш, давлат органларида очиқликни таъминлаш ва ҳуқуқий масалалар бўйича доимий комиссиялари раислари, қўмита экспертлари, мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мажлис якунида кўрилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди