Тадбирда ЕОГга аъзо давлатлар, шунингдек, кузатувчи давлатлар Эрон, АҚШ, Италия ва Монголия ҳамда БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ, Жаҳон банки, Молиявий мониторинг бўйича гуруҳ (FATF) котибияти вакиллари иштирок этди.

Ялпи мажлисда ЕОГнинг Низомига доир ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги баённомани имзолаш, гуруҳга аъзо давлатларнинг парламент, молия ва банк тизимлари бўйича маслаҳат кенгашларини ташкил этиш ва бошқа масалалар муҳокама этилди.

Жумладан, мажлисда ЕОГ Котибиятининг гуруҳга аъзо давлатлар юқори мансабдорлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича концептуал таклифлари муҳокама этилди. Таклифларда ЕОГга аъзо давлатлар парламентлари ҳам доимий иштирок этишлари, қонун ижодкорлиги бўйича тажриба алмашувини таъминлаш, ушбу соҳадаги қонунларни такомиллаштириш, айниқса, жиноятларнинг олдини олишга қаратилган превентив механизмларни ишлаб чиқиш чоралари белгиланган.

Муҳокамаларда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Н.Умаров ҳам қатнашиб, ЕОГга аъзо давлатлар парламентлари ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш жиноятчиликка, шу жумладан жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича қонунларни такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга эканлигини, Олий Мажлис Сенати ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдорлигини таъкидлади.

Тадбир давомида 2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш миллий тизимини ўзаро баҳолаш ҳисоботи ташқи экспертлар, хорижий давлатларнинг таҳлилчи ва мутахассислари иштирокида муҳокама қилиниб, якуни бўйича ҳисобот тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.