Тадбирда сенаторлар, Қўмита ҳузуридаги экспертлар кенгаши аъзолари, қатор тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, журналистлар иштирок этди.

Ҳисобот даври қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти, парламент дипломатиясини самарали тарғиб этиш бўйича энг фаол даврлардан бири бўлгани алоҳида таъкидланди.

Жумладан, 2022 йилда Қўмита томонидан 9 та қонун кўриб чиқилиб, Сенат ялпи мажлислари муҳокамасига киритилгани, қатор муҳим халқаро битим ва шартномалар ратификация қилингани қайд этилди. Сенаторлар давлат чегараси ва трансчегаравий сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш билан боғлиқ масалаларни узил-кесил тартибга солиш йўлида муҳим қадам бўлган Қирғизистон билан давлат чегарасининг айрим участкаларини делимитация қилиш тўғрисидаги шартнома ва Андижон (Кампиробод) сув омбори тўғрисидаги битим ратификация қилинишининг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

Халқаро меҳнат ташкилотининг қурилишда хавфсизлик ва меҳнат гигиенаси тўғрисидаги 167-сонли конвенциясининг ратификация қилиниши миллий қонунчиликни такомиллаштиришга, қурилиш соҳасида хавфсизлик ва меҳнат гигиенаси бўйича халқаро стандартлар самарали жорий этилишини таъминлашга кўмаклашди.

Измир шартномасининг ратификация қилиниши Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиш учун ҳуқуқий асос яратди.

2022 йилда Қўмита томонидан 10 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилди. Уларда асосий эътибор савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва экспортни кенгайтириш йўлидаги мавжуд тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга қаратилди. Жумладан, Қўмита томонидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг олий даражадаги ташрифлар якунлари бўйича имзоланган «йўл хариталари»ни амалга ошириш ҳолати тўғрисидаги ахбороти мунтазам равишда тингланди.

Ўзбекистон Республикасининг барча дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, улар бириктирилган ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларида ишлар самарадорлиги тўғрисидаги ҳисоботлари эшитилди.

Ҳудудлар билан ўзаро ҳамкорлик, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш бўйича Қўмитанинг янги ёндашувлари қаторида тадбиркорлик субъектларини ўйлантираётган энг долзарб муаммоларни жойларда ўрганиш ташкил этилди. Мисол учун, мазкур ўрганишлар якунлари бўйича Қўмита томонидан Фарғона вилоятида халқаро, ҳудудлараро транспорт йўлакларини, туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва инвестицияларни жалб этиш бўйича Транспорт вазирлигининг ахбороти танқидий руҳда эшитилди.

Қўмитага келиб тушган фуқароларнинг кўплаб мурожаатлари асосида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги фаолияти юзасидан ҳисобот тингланди.

Қўмита томонидан Парламент дипломатияси концепциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқаро ташаббусларини халқаро майдонда тарғиб этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик бўйича гуруҳларнинг 30 дан ортиқ мажлислари ўтказилди. Халқаро парламентлараро ташкилотлар – Парламентлараро иттифоқ (ПА), ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси (ЕХҲТ ПА), МДҲга аъзо давлатлар Парламентлараро Ассамблеяси (МДҲ ПА) билан ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича «йўл хариталари» қабул қилинди.

Фуқаролар билан мулоқот қилиш давом эттирилди. 2022 йилда Қўмита аъзолари томонидан 3 мингга яқин мурожаат кўриб чиқилди, фуқаролар иштирокида 3 137 та сайёр ва шахсий қабул ташкил этилди. Мурожаатларнинг катта қисми ижобий ҳал этилди.

Республика ҳудудларини ривожлантиришнинг устувор йўналишларига мувофиқ Қўмита халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан изчил ҳамкорликни давом эттирди. Уларнинг таклифлари асосида мамлакатимиз аҳолисини ўйлантираётган бир қатор долзарб масалалар юзасидан муҳокамалар ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.