Тадбир Парламентлараро иттифоқ томонидан БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси ва Европа Иқтисодий Комиссияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Вебинарда Ўзбекистон Республикаси ташаббуси билан қабул қилинган, БРМни амалга оширишда миллий парламентларнинг етакчи роли тан олинган, 2030 йилга қадар глобал кун тартибини тўлиқ амалга ошириш учун ҳукуматлар ва парламентлар ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўзда тутилган БМТ Бош Ассамблеясининг 2022 йил 14 декабрдаги резолюциясининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз борди.

Тадбир давомида Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг, БМТ Бош котиби ўринбосари, Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси Ижрочи котиби Армида Салциа Алисжабана, БМТнинг Европа Иқтисодий Комиссияси Ижрочи котиби Ольга Алгаерова, ушбу ташкилотнинг Барқарор энергия бўлими директори Дарио Лигутти, Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Борий Алихонов ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари сўзга чиқдилар.

— Тарихда биринчи марта 2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартибини амалга оширишда парламентларнинг муҳим ролини таъкидлайдиган муҳим ҳужжат қабул қилинди. Резолюцияда аъзо давлатлар 13 йўналиш бўйича белгиланган вазифаларни бажаришга чақирилади. Ҳужжатда қонунчилик, назорат ва вакиллик функцияларига эга бўлган миллий парламентларга алоҳида ўрин ажратилган. Айнан улар иқтисодиёт ривожини рағбатлантириш, ижтимоий сиёсатни самарали амалга оширишга таъсир кўрсатиш, “ҳеч кимни ортда қолдирмасдан” юқори сифатли тиббий хизмат ва таълим олиш имкониятини таъминлаши мумкин. Умуман олганда, Резолюция жаҳон парламентлари учун ўзига хос қўлланма бўлиб, миллий кўрсаткичлар ижросини мониторинг қилишда ўз саъй-ҳаракатларини сафарбар этиш имконини беради, — деди Танзила Нарбаева ўз видеомурожаатида.

Сенат Раиси мамлакатларни миллий жиҳатларга асосланган, БРМларни янада самарали амалга ошириш, мониторинг қилиш ва баҳолашга хизмат қиладиган шунга ўхшаш “йўл хариталари”ни ишлаб чиқишга чақирди.

Тадбирнинг барча иштирокчилари 2030 йилгача бўлган глобал кун тартибини тўлиқ амалга оширишни жадаллаштириш учун парламентлар ва ҳукуматлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, зарур чораларни кўриш ва маблағлардан фойдаланиш лозимлиги тўғрисида якдил фикрга келдилар.

Тадбир якунида иштирокчилар мамлакатлар парламентларида миллий БРМга эришиш жараёнини кузатиш имконини берувчи махсус платформа яратиш, Миллий БРМни амалга ошириш бўйича давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича парламентлар ишини фаоллаштириш, БРМ тадбирларини амалга ошириш учун бюджетни шакллантириш ва тақсимлашда парламентнинг роли ва иштирокини кучайтириш каби таклифларни илгари сурдилар, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.