Сенат Раисининг ёшлар сиёсати, хотин-қизларимизга олий таълим тизимида яратилаётган шарт-шароитларни ўрганиш борасидаги бугунги манзили Фарғона давлат университети бўлди.
Ташриф давомида Танзила Норбоева университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқодчилар, фаоллар билан учрашар экан, университетда олий таълим қонунчилигининг амалдаги ижроси, илмий салоҳиятни ошириш борасида қилинаётган ишлар, ҳорижий олий таълим муассасалари билан олиб борилаётган халқаро алоқалар ҳолати юзасидан фикрлашди.
Шунингдек, Олий Мажлис Сенати Раиси мамлакатимизда аёллар ва болалар ҳаётини давлат сиёсати даражасига кўтаришда фаол иштирок этиш мақсадида Фарғона давлат университетида ташкил этилган “Болажон” инновацион маркази ҳамда “Гендер тенглик масалалари тадқиқот маркази” фаолияти билан яқиндан танишди.
Мазкур марказнинг фаолияти хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини янада ошириш, уларнинг мавқеини юксалтириш, ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоялаш, саломатликларини муҳофаза қилиш, интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ҳаётда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиши учун зарур ижтимоий, сиёсий-иқтисодий, муносиб меҳнат ва яшаш шарт-шароитларни яхшилашга қаратилган.
Сенат Раиси Т. Нарбаева хотин-қизлар фаоллигини янада кучайтириш, уларни илмий-тадқиқот ишларига кенгроқ жалб қилиш орқали самарадорликка эришиш ва натижада университет илмий салоҳиятида хотин-қизлар улушини муносиб таъминлаш, гендер тенглик марказининг халқаро алоқаларини ривожлантириш борасида мазкур йилда халқаро анжуман ташкил этиш ва бошқа таклифлар билдирди.
Университетда 13 мингдан зиёд хотин-қизлар таълим олмоқда. Уларнинг 2000 нафарга яқини оилали. 700 нафардан ортиқларини эса уч ёшдан ошган фарзандлари бор.
Марказни республика олий таълим муассасалари учун таянч муассасага айлантириш борасида гендер тенглиги бўйича республика комиссияси билан яқин ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Гендер тенглиги, хотин-қизлар бандлиги, ижтимоий ҳимоя йўналишида илмий тадқиқот фаолиятини йўлга қўйиш ва бошқалар ҳақида лойиҳалар шакллантирилган.
Очиқ мулоқот тарзида олиб борилган учрашувда Сенат Раиси Т. Нарбаева профессор-ўқитувчиларнинг таклифлари, келгуси режаларини эшитиб, университет фаолияти ривожи йўлида зарур тавсиялар билдирди. Таълим муассасасининг эсдалик китобида Фарғона давлат университети жамоаси учун ўз самимий тилакларини қолдирди.