Учрашувлар давомида сўнгги йилларда республикамизда амалга оширилган ислоҳотлар, йирик ижобий ўзгаришлар, инсон қадрини улуғлаш, инсон, жамият ва давлат тамойилига ўтилгани, ёшлар ва хотин-қизларга яратилаётган шарт-шароитлар, нуроний онахон ва отахонларга берилаётган эътибор, айниқса ушбу жараёнларнинг ҳуқуқий асосларини яратиши, мавжудларини такомилаштириш борасидаги ишларга, хусусан, янги таҳрирдаги Конституция нормаларининг мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтилди.

Дастлаб, Сенат Раиси вилоятдаги учрашувларни Ховос туманининг “Чаманзор” МФЙ аҳолиси билан учрашувдан бошлади. У ерда юртимизда сўнгги йилларда ёшлар ва хотин-қизларга яратилаётган кенг имтиёз ҳамда имкониятлар, нуроний отахон ва онахонларга қилинаётган ғамхўрлик, маҳаллаларнинг йил сайин ортиб бораётгани, хусусан, янгиланаётган Конституцияда ҳам маҳаллага билдирилаётган юксак ишонч ва янги ваколатлар хусусида сўз юритилди.

Т.Нарбаева “Чаманзор” МФЙ аҳолиси билан бирга “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ташкил этилган “Оналар боғи”даги кўчат экиш ишларида фаол иштирок этди.

Шундан сўнг тумандаги тадбиркорлик субъектлари, оилавий корхоналар фаолияти билан танишди. Уларга бугун давлат томонидан берилаётган имтиёзлар, яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида тушунтиришлар берди. Бизнес вакиллари фаолиятини ривожлантиришда тўсиқ бўлаётган муаммоли масалалар юзасидан тегишли мутасаддиларга топшириқлар берилиб, тадбиркорларни қийнаётган масалалар назоратга олинди. 

Бундан ташқари, Сенат Раиси туманнинг Янгиер МФЙда истиқомат қилувчи нуронийлар билан учрашди ҳамда ижтимоий ҳимояга мухтож оилалар хонадонига ташриф буюрди. Жумладан, Г.Тоирова хонадонида бўлиб, ҳолидан хабар олинди. Маълум бўлишича, аёл ўз уйи бўлмагани боис, 4 фарзанди билан ижарада яшаб келган. Ўз навбатида Т.Нарбаева туман ҳокимининг эътиборини мазкур масалага қаратди. Aёл ҳудуддаги, янги таъмирланган ижтимоий уйлардан бирига жойлаштириладиган бўлди.

Сўнгра Т.Нарбайева Янгиер шаҳрининг Давлатобод маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб МФЙнинг янги қуриб битказилган биносидаги шарт-шароитлар билан танишди. Шунингдек, у ерда “Давлатобод”, “Юксалиш”, “Шодиёна”, “Маърифат” маҳаллалари раислари, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари, ҳоким ёрдамчилари ҳамда профилактика инспекторлари билан мулоқот қилди. 

Суҳбат чоғида маҳаллалар фаолиятини янада жадаллаштириш, айниқса, ёшлар, хотин-қизлар билан манзилли иш олиб бориш, давлат раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган “Темир”, “Ёшлар” ва “Aёллар” дафтарларига киритилган фуқаролар муаммоларини тўлиқ ҳал етиш, оила турмуш даражасида хотин-қизларга бўлаётган зўрвонликларнинг олдини олиш, ажрим масалалари, аёллар жиноятчилигини камайтириш борасида унинг оқибатлари эмас, аксинча сабаблари билан курашиш, профилактик тадбирларни жадаллаштириш, уларга тўғри йўл кўрсатиш кераклиги таъкидланди.

Шунингдек, референдумга қўйилган янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида ҳам ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини сезиларли даражада кенгайтириш, гендер тенглик масалалари, маҳаллага янги ваколатлар берувчи нормалар киритилганига эътибор қаратилиб, 30 апрелда бўладиган референдум барча учун муҳим сиёсий тадбир экани айтиб ўтилди.

Шу билан бирга Сенат Раиси Янгиер шаҳридаги “Eco Grand Fruits” гидропоника иссиқхонаси фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. У ерда бугун республикамизда тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, ишчиларга муносиб меҳнат шароитини яратиш ва меҳнатга ҳақ тўлаш борасидаги ишларга тўхталди. Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам тадбиркорлик фаолияти кафолатларини кучайтириш, бозор муносабатларини ривожлантириш, ҳалол рақобат учун шарт-шароит яратиш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, адолатли солиқ тизимини йўлга қўйиш, монополистик фаолиятни чеклаш орқали том маънода эркин бозор иқтисодиётини шакллантириш учун барқарор асос яратилаётганини алоҳида қайд этиб ўтди.

Мазкур иссиқхона 10 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, йиллик 2,5 миллион долларлик помидор маҳсулотини етиштириб, 70 фоизини ташқи бозорга, 30 фоизини ички бозорга етказиб бермоқда. Aйни вақтда корхонада 150 нафарга яқин Янгиер шаҳри ва Ховос туманида истиқомат қилувчи фуқаролар доимий иш билан таъминланган. 

Бундан ташқари, Т.Нарбаева Гулистон шаҳридаги Мономарказ, Гулистон давлат университети, дори-дармон ишлаб чиқаришга ихтисослашган фарм корхонада ҳам бўлди. У ерда замонавий касбларга ўқитилаётган аҳоли вакиллари, талаба ёшлар, ишчи ходимлар билан суҳбатлашиб, янги таҳрирдаги Конституция мазмун-моҳиятини, хусусан, давлат ўз зиммасига улкан ижтимоий масъулиятларни олаётганини, Конституцияда ёшлар масаласи алоҳида боб даражасига олиб чиқилганини, улар нималардан иборат эканини халқона, содда тилда тушунтирди. Шу йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумда фаол иштирок этиб, ўзлари ҳамда фарзандларининг тақдирига бефарқ бўлмасликка чақирди. 

Шунингдек, ташриф доирасида Сенат Раиси вилоят ҳокимлигида маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан учрашди. Учрашувда янги таҳрирдаги Конституцияга киритилган нормаларга мувофиқ Сенатга берилаётган янги ваколатлар, хусусан, унинг маҳаллий Кенгашларга кўмаклашиш бўйича ваколати Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди. 

Бундан ташқари, маҳаллий даражада ҳокимиятлар бўлиниши принципини амалга ошириш, ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиш институтини тугатиш давлат бошқаруви тизими янгиланишининг мантиқий давоми бўлиши қайд этилди.