Т.Нарбаева Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамкорлигида ўтказилаётган ушбу халқаро тадбир Янги Ўзбекистонда муносиб меҳнат шароитларини яратишда ва аҳоли бандлигини таъминлашда янги ғояларни ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Мулоқот давомида икки томон ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва унинг ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев бошчилигида барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар сингари, меҳнат муносабатлари тизимида сезиларли ўзгаришлар бўлгани, соҳада институционал, ташкилий-ҳуқуқий, қонунчилик, норма ижодкорлиги ҳамда халқаро стандартларни жорий этиш бўйича кенг кўламли тизимли ишлар амалга оширилди.
Халқаро меҳнат ташкилоти билан кўп қиррали ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, сўнгги 10 йил давомида Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасида мажбурий меҳнатга қарши курашиш, меҳнат ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш, меҳнат муносабатлари соҳасида халқаро стандартларни жорий этиш борасида самарали ишлар амалга оширилди, — деди Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева.
Муносиб меҳнат шароитларини изчил такомиллаштириш, бу борада халқаро стандартларни жорий этиш юзасидан Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилоти билан 2014-2016 йилларга мўлжалланган ва кейинчалик 2020 йилга қадар узайтирилган Ўзбекистонда муносиб меҳнат дастурида белгиланган устувор вазифаларнинг ижроси тўлиқ таъминланганлиги таъкидланди.
2021 йил сентябрь ойида Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган янги мамлакат дастурининг қабул қилинганлиги Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасидаги манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши алоҳида қайд этилди.
Х.Коллер Ўзбекистон билан серқирра ҳамкорликни давом эттириш, Ўзбекистонда минтақада биринчи бўлиб БМТнинг Барқарор ривожланиш бўйича ҳамкорлик қилиш дастури билан тўлиқ мос келадиган Муносиб меҳнат бўйича янги мамлакат дастури қабул қилинганини ва унинг амалга оширилишини тўлиқ қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.