Унда Ҳисоб палатаси томонидан 2021 йилда Соғлиқни сақлаш ва Қурилиш вазирликларида ўтказилган назорат тадбирлари натижасида аниқланган камчилик ва қонун бузилишларни бартараф этиш ҳолати юзасидан мазкур вазирликлар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.

Мажлис давомида Соғлиқни сақлаш ва Қурилиш вазирликлари тизимида бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш борасида қатор ижобий ишлар амалга оширилгани алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, мажлис давомида ҳар икки соҳада амалга оширилган ижобий ишларга қарамасдан соҳада айрим муаммолар ва камчиликлар ҳанузгача сақланиб қолаётганлигига ҳам эътибор қаратилди.

Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги хорижий кредитлар ҳисобига харид қилинган жиҳозларнинг аксарият қисми фойдаланишга топширилмаган. Врач қабулига масофадан туриб ёзилиш имконини берувчи «Электрон поликлиника» ахборот тизими 806 та тиббиёт муассасасида жорий этилмаган ҳамда жами 27 миллиард сўмлик давлат харидларига оид эълонлар «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонун талабларига зид равишда берилган.

Қурилиш соҳасида ҳам бир қатор камчиликлар борлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Шу жумладан, қурилиш - таъмирлаш ишларини олиб боришда ҳудудларнинг бош режасига риоя этмаслик, қурилиш объектлари бўйича Қурилиш соҳасида назорат инспекцияга хабарнома бермаслик ва қурилиш сифати юзасидан таъсирчан давлат назорати ўрнатилмаганлик каби қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилган.

Шунингдек, мажлисда қурилиш соҳасидаги буюртмачи, лойиҳачи ва пудратчи томонидан объектлар қурилишида техник, муаллифлик ва ички назорат тадбирлари етарли даражада йўлга қўйилмагани, ушбу назоратни амалга ошириш тизими электрон рақамлаштирилмаган ва назоратни амалга ошириш муддатлари жорий этилмагани ва яна бир қатор камчиликлар айтиб ўтилди.

Тадбирда Қўмита томонидан ушбу камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ тавсия ва кўрсатмалар бериб ўтилди.

Мажлис сўнггида кўриб чиқилган масалалар юзасидан Сенат Қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.