Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси билан ҳамкорликда СамДВМЧБУда “Чорвачилик тармоқларини ривожлантиришнинг долзарб масалалари: тажриба, муаммо ва ечимлар” мавзусида конференция бўлиб ўтди. 

Конференцияда Сенат қўмитаси раиси Б. Тожиев, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси биринчи ўринбосари А.Акбаров, Университет филиаллари, техникумлари, шунингдек илмий тадқиқот ва илмий текшириш институтлари масъул мутасадди раҳбарлари иштирок этишди. 

Конференция ишини университет ректори, профессор Юнусов очиб берди ва меҳмонларни қутлади. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Б.Норқобилов ZOOM дастури орқали тадбирда иштирок этди ва маъруза қилди. Раис ўз нутқида кейинги йиллар давомида мамлакатимизнинг драйвер соҳасига айланган чорвачиликка хукуматимиз, шахсан Президентимиз томонидан қаратилаётган эътибор, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунинг натижаси ўлароқ қўлга киритилаётган ютуқлар хусусида гапирди.

Жумладан,  Президентимизнинг 2023 йил 24 августда “Чорвачиликда идентификация қилиш тизими ва наслчилик соҳасини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва ушбу ҳужжат чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш чораларини кўриш, бунинг учун чорвачилик билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига қулай шароитларни яратиб бериш ҳамда наслчиликни тубдан ривожлантиришда янгича ёндашувларни татбиқ қилиш мақсадларига қаратилгани хусусида  гапирди. Чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш соҳасида илғор хорижий технологияларни фаол жорий этиш, фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини янада ошириш ва Жаҳон банки билан ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Президент қарори қабул қилинганди. Шу қарор доирасида ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тизимини жорий этишга 33 миллион доллар йўналтирилиши белгиланди.

Олий Мажлиси Сенатининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев мамлакатимизда аҳоли сони йил сайиб ошиб бораётгани ўз – ўзидан чорвачилик маҳсулотлари истеъмоли ошишига олиб келишини, чорвачилик ва ветеринария тараққиёти халқимиз дастурхони тўкин, турмуш даражаси юқори бўлишига хизмат қилишини таъкидлади. Чорвачилик билан шуғулланиш айни кунда машаққатли вазифа экани ва унинг натижаси тез кунда эмас, йиллар давомида билиниши ва бу соҳага давлат кўмаги зарурлиги, қолаверса хукумат бу борада ўз позициясини ҳамиша билдиришга тайёрлиги, халққа ёрдам бериши ҳақида ўз фикр – мулоҳазаларини баён қилди. 

Конференцияда, “Чорвачиликда идентификация қилиш наслчилик соҳасини такомиллаштириш тўғрисида” қўмита раисининг ўринбосари Р.Сиддиқов, “Чорвачилик тармоқларини ривожлантиш бўйича амалга оширилган ишлар ва келгусидаги долзарб вазифалар тўғрисида” Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раисининг ўринбосари А.Акбаров маърузалари тингланди. 

Чорвачилик ва паррандачилик илмий – тадқиқот институти директори А.Нурматов “Наслчилик ишларини ташкил этиш, озуқа экинлари уруғчилигини ривожлантириш ҳамда экан майдонларидан самарали фойдаланиш хусусида,  

Қорақўлчилик ва чўл экологияси илмий – тадқиқот институти директори Э.Шаптаков “Яйловларнинг деградацияга учраш сабаблари, оқибатлари ва унга қарши курашиш чоралари тўғрисида,  

Ветеринария илмий – тадқиқот институти директори Б.Элмуродов Эпизоотик барқарорликни таъминлаш борасида олиб борилаётган профилактик тадбирлар тўғрисида маълумот бердилар. 

Конференция ишида соҳанинг долзарб муаммолари муҳокама этилди ва унга ечимлар таклиф этилди.

 

 

Ахборот хизмати