Унда Қўмитанинг 2022 йилдаги фаолияти ҳамда 2023 йил биринчи ярим йилликда амалга оширадиган устувор вазифалари ҳақида ахборот берилди. Мажлисда Қўмита аъзолари, доимий асосда ишловчи сенаторлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, Қўмита ўз фаолиятини 2022 йилда Конституция ва қонунларда белгиланган ваколатлари, шунингдек, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида акс этган вазифаларга мувофиқ олиб борди.

Хусусан, Қўмита аъзолари иштирокида қонунчилик ва парламент назорати фаолияти доирасида 20 та мажлис ўтказилиб, уларда 48 та масала муҳокама этилди. Сенатнинг ялпи мажлисларига 7 та қонун ва 5 та масала тайёрланган, Ҳукуматга юборилган 3 та парламент сўрови натижалари муҳокама этилди. Сенат Кенгаши муҳокамасига 3 та масала олиб чиқилди ҳамда вазирлик ва идораларга 28 та сенатор сўровлари юборилган.

Қонунчилик фаолияти доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ва Қўмитанинг экспертлар гуруҳи аъзолари жалб этилган ҳолда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ҳамда Сенатга киритилган 7 та қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Назорат-таҳлил фаолияти доирасида Қўмитанинг 40 нафардан иборат экспертлар гуруҳи аъзолари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида 10 та назорат-таҳлил тадбирлари ўтказилган. 50 дан ортиқ таклиф-тавсиялар асосида 3 та Сенат Кенгаши қарори, Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси билан 1 та қўшма қарор, халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши билан 1 та қўшма қарор ҳамда 5 та Қўмита қарори қабул қилинди.

Хусусан, аҳоли орасида энг кўп тарқалган ва эрта ўлимнинг асосий сабаби бўлган касалликларни барвақт аниқлаш, мақсадли скрининг тадбирларини амалга ошириш, профилактик махсус препаратлар билан бепул таъминлаш ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ҳолати Фарғона вилоятида ўрганилди. Ўрганиш натижалари бўйича халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши билан Қўмитанинг қўшма қарори қабул қилинди.

Шунингдек, «Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Жиззах вилоятидаги Ахборот-кутубхона марказларидаги ижроси ўрганилди ва ахборот-кутубхоналарида мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан Қўмита қарори қабул қилиниб, аниқ топшириқ ва тавсиялар берилди.

Амалий натижа: қарор ижроси юзасидан Жиззах вилояти ахборот-кутубхона маркази биносида 7,6 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланди. Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши қарорига асосан ахборот-кутубхона марказини жиҳозлаш учун 3,2 миллиард сўм маблағ ажратилиб, марказ тўлиқ замонавий кутубхона жиҳозлари билан таъминланди. Зафаробод тумани ахборот-кутубхона маркази учун майдони 290 м2 бўлган бино ажратиб берилиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Қўмита томонидан репродуктив саломатликни сақлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати ўрганилди.

Шунингдек, Қўмита томонидан жорий йил 21 октябрда шаҳарсозликда ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларини таъминлаш ҳамда барча ижтимоий инфратузилма объектларидан монеликсиз фойдаланиши учун ушбу объектларни мослаштириш масаласи Сенат Кенгаши кун тартибига қўйилди. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан масъул вазирлик ва идоралар олдига аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Қўмита аъзолари томонидан маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилиб, 400 дан ортиқ аҳоли мурожаатлари кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилди.

Ҳисобот даврида сайловчилар билан 2 665 марта учрашув ташкил этилган.

Йил давомида Қўмитага 2 665 та мурожаат келиб тушган бўлиб, 204 таси ижобий ҳал этилди, 590 таси тааллуқлилиги бўйича вазирлик ва идораларга юборилиб, назоратга олинган 1 871 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган.

Шунингдек, Қўмита томонидан 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигига мўлжалланган иш режа ҳақида ҳам ахборот бериб ўтилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.