Сенат аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган ушбу мажлисда Сенатнинг ўн тўртинчи ялпи мажлисида муҳокама қилиниши назарда тутилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Хусусан, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2021 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи, мамлакатимизда тошқинлар, сел оқимлари, кўчки хавфи мавжуд тоғ ва тоғолди ҳудудларида жойлашган аҳоли пунктлари ҳамда иқтисодий объектлар хавфсизлигини таъминлашга оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Ҳукуматга юборилган парламент сўрови натижалари бўйича Фавқулодда вазиятлар вазири биринчи ўринбосари ахбороти эшитилди.

Шу билан бирга, Наманган вилоятининг Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган туманини ташкил этиш тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.

Хусусан, давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 18-19 февраль кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган туманини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилган эди.

Қайд этиш лозимки, 2019 йилда вилоятнинг Чортоқ ва Наманган туманларидан 57 минг нафар аҳоли истиқомат қилувчи 6,3 минг гектар ер майдонлари Наманган шаҳри таркибига қўшилиши натижасида ушбу ҳудудда яшовчи аҳолининг шаҳар марказига қатновида ва бошқа соҳаларда турли муаммолар юзага келган.

Шу сабабли ҳам Наманган шаҳри ҳудудининг 8,2 минг гектар ер майдони ҳамда 155,6 минг нафар аҳолисига эга яна бир Янги Наманган туманини ташкил этиш ва бу орқали фуқароларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш ҳамда аҳолига қулайлик яратиш чораларини кўриш таклифи илгари сурилмоқда.

Янги Наманган туманининг ташкил қилиниши туманда замонавий инфратузилма объектлари барпо этилиши ва аҳолига хизмат кўрсатиш тизими янада ривожланишига ва энг асосийси, аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Мажлисда муҳокама қилинган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.