Унда Сенат ва Комиссия аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мажлисда Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисига киритилган масалалар, хусусан, «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги ва «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисид»ги Қонунлар ҳамда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг кўп квартирали уй-жойларга хизмат кўрсатилиши ва бошқарув компаниялари фаолияти самарадорлиги бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан ахборот дастлабки тарзда муҳокама этилди.

Таъкидлангандек, жорий йил ўтган даврида қабул қилинган фармон ва қарорлар, тасдиқланган дастурлардаги вазифалар ижроси ўз навбатида қўшимча молиялаштириш манбаларини талаб этади.

Шу мақсадда 2021 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари бўйича ўзгартиш киритиляпти.

Хусусан, инвестиция дастурлари учун 6,0 триллион сўм, айрим муассасаларга киритилган қўшимча штат бирликларини молиялаштириш учун 1,4 триллион сўм ва мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни сақлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш харажатларига 1,4 триллион сўм ажратилиши белгиланяпти.

Шунингдек, жорий йилда коронавирусга қарши курашиш тадбирлари учун режалаштирилган 3,0 триллион сўм маблағлар тўлиқ ишлатилганлиги туфайли қўшимча маблағ захирасини яратиш учун 1,3 триллион сўм ажратилади.

Қонунда давлат-хусусий шериклиги асосида мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш учун имтиёзли кредитлар ажратиш ҳамда болалар қамрови ортганлиги сабабли 1,1 триллион сўм қўшимча субсидия ажратиш, шунингдек, «Янги Андижон» шаҳарчасини барпо этиш ва вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш учун 1,3 триллион сўм маблағ йўналтириш назарда тутилган.

Шу билан бирга қонун билан ушбу қўшимча харажатларни қоплаш манбалари ҳам белгилаб берилади.

Бундан ташқари, мажлисда «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди.

Сенаторлар томонидан қонунда қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган бир қатор нормалар мавжудлиги, шу жумладан «Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида»ги, «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунлар ва бошқа тадбиркорлик субъектлари фаолиятига дахлдор қонунчиликда белгиланган ҳуқуқий нормалар билан мувофиқлаштириш лозимлиги алоҳида қайд этилди.

Шундан сўнг Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг кўп квартирали уй-жойларга хизмат кўрсатилиши ва бошқарув компаниялари фаолияти самарадорлиги бўйича олиб борилаётган ишлари юзасидан ахбороти эшитилди.

Кўп квартирали уй-жойларга хизмат кўрсатилиши ва бошқарув компанияларнинг самарадорлигини таъминлаш мақсадида биллинг тизимини амалга жорий этиш бўйича Президентнинг 2021 йил 19 июндаги 5152-сонли қарори ижросини таъминлаш, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда фаолият юритаётган «Ягона ҳисоб-китоб маркази» ДУКлар фаолиятини талаб даражасида йўлга қўйиш, кўп квартирали уйларни сақлаш билан боғлиқ харажатлар бўйича ҳисоб-китоб ишларини юритишда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, «Обод уй» электрон дастурини самарали амалда қўллаб бориш каби вазифалар устувор этиб белгилаб олиниши таъкидланди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

Мажлис якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.