Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Носирбек Абдуллахонов, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Малика Қодирхонова, республика Марказий банки бошқарма бошлиғи ўринбосари Виктория Алексеева ҳамда "Ниҳол" нодавлат-нотижорат ташкилоти директори Ширин Рашидова иштирок этган тадбирда «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти, МИСиС Олмалиқ филиали, "Ҳунарманд" уюшмаси ҳамда кредит олиб тадбиркорлик фаолиятини бошлаган тадбиркорлик субъектларидаги хотин-қизларга яратилган шарт-шароитлар яқиндан кўздан кечирилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Олмалиқ шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига жорий йилда хотин-қизлар томонидан келиб тушган жами мурожаатлар сони 328 та бўлиб, уларнинг 71 таси давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторига аёллардан ҳуқуқини тиклаш бўйича йўлланган. Шундан 5 таси бола парвариши учун таътил пуллари, 27 таси эса корхона ва ташкилотлар томонидан ойлик иш ҳақлари юзасидан бўлиб, муаммолар ижобий ҳал этилди.

Шунингдек, Олмалиқ шаҳрида хотин-қизлар орасида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича тадбиркор З.Усманова томонидан кўпгина ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, шаҳардан чекка ҳудудда жойлашган А.Қодирий, “Теракли” маҳаллаларида истиқомат қилувчи хотин-қизларга гилам тўқиш бўйича машғулотлар ташкиллаштирилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 24 октябрдаги ПҚ 4498-сонли қарорига асосан, шаҳардаги Халқ банки филиали томонидан ишсиз, тадбиркорлик қилиш истагини билдирган 61 нафар хотин-қизларга 1 млрд 463 млн сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилган. Бугунги кунда улар орасида юридик мақомга эга бўлмаган, якка тартибдаги тадбиркор ва уй шароитидаги 102 нафар хотин-қизлар ҳам фаолият олиб боришмоқда.

Олмалиқ шаҳар Кенгаши депутати, "Ҳунарманд" уюшмаси раиси Матлуба Ўлмасованинг саъй-ҳаракати билан ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича 21 нафар тадбиркор хотин-қизга 653 млн. сўм, «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида 40 нафар аёлга 810 млн. сўм кредит маблағлари ажратилган.

Президентимизнинг «Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан аёллар меҳнати тўлиқ ёки қисман қўлланилиши тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишларга жалб қилиш ҳолати юзасидан жорий йил мобайнида мурожаатлар келиб тушмаган. Умуман тақиқланган касб ва вазифаларда хотин-қизлар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатлари аниқланмаган.

Жамоа шартномалари бандларига киритилган, шунингдек, касаба уюшмалари раислари томонидан назоратга олинган, икки ёшгача бола парваришидаги оналарга корхона, муассаса ва ташкилотлар томонидан болани овқатлантириш учун қўшимча вақт ажратилган. Иш берувчилар томонидан аёлларга 60 ёшга тўлгунга қадар меҳнат шартномаси (муддатли меҳнат шартномалари)ни бекор қилиш тўғрисида тақиқ қўйилмаган.

Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган аёллар Хотин-қизлар тадбиркорлик марказларига жалб этилиб, тадбиркорлар уюшмаси З.Усмонова, “Ҳунарманд” уюшмаси раҳбари М.Ўлмасовалар томонидан уларга бизнесини ташкил этиш ва юритиш кўникмаларини шакллантириш, бизнес ғояларини тайёрлашда консультатив ёрдам бериш, хусусан, бизнес-режа тайёрлаш, солиққа тортишнинг турли режимларини танлаш ва қўллаш, бухгалтерия ҳисобини юритиш, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш ва бошқа йўналишлар бўйича амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, Олий Мажлис Сенати ишчи гуруҳи ҳамда Тошкент вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамкорликда бошқа шаҳар ва туманларда ҳам мазкур йўналишда ўрганиш тадбирларини давом эттирмоқда.