18 январь тахминан соат 23.50 ларда 26 ёшли Азимжон «Кобальт» русумли автомобилида танишлари 32 ёшли Завқиддин ва 40 ёшли Зулфиқор билан Сергели тумани 6-кварталдаги автотураргоҳга келган. Шу пайти икки нафар фуқаро – 30 ёшли муқаддам судланган Азиз ва 30 ёшли Хуршид алкоголь мастлик ҳолатида бўла туриб, автомобилнинг йўлини тўсган.
Натижада фуқаролар ўртасида жанжал бошланган. Азиз ва Хуршид автомобилнинг ойналарини синдириб, автомобилга шикаст етказган, Зулфиқор ва Завқиддинларни уриб, уларга тан жароҳати етказишган. Зулфиқорга тан жароҳати етказиш жараёни шу жойдаги кўп қаватли уйда истиқомат қилувчи фуқаро томонидан видеога олинган ва интернет тармоғига жойлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Сергели тумани ИИО ФМБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди («Безорилик») билан жиноят иши қўзғатилган. Гумон қилинувчилар Азиз ва Хуршидлар ушланган. Тергов ҳаракатлари давом эттириляпти, деб хабар беради Тошкент шаҳар ИББ матбуот хизмати.