Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар жамият ҳаёти, инсонлар қалби ва онгида ҳам янгиланиш ва тараққиётга дахлдорлик ҳиссини уйғотмоқда. Бу албатта Наврўз билан боғлиқ азалий қадрият ва анъаналарга ҳам ҳамоҳангдир. У элларни элларга, дилларни дилларга боғлаши билан қадрли. Шу маънода Наврўзнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан эътироф этилгани бежиз эмас.

Боқий анъана — Наврўз Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ҳам катта байрам сайлига айланиб кетди. Тадбирда Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов, Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбек миллий академик драма театри директори Ёдгор Саъдиев, Академия профессор-ўқитувчилари, ходимлар, академик лицей, “Зиё-зукко” умумтаълим мактаби ўқитувчи-ўқувчилари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази, Малака ошириш маркази ходимлари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.

Эзгулик ва бунёдкорлик қадриятларини тарғиб этгувчи бу байрам турли миллат вакиллари эътиборини тортгани миллий ғурур бағишлайди кишига.

— Наврўз инсонлар ўртасидаги мулоқотнинг жонланишига, биргаликда тайёрланаётган таомлар эса илиқ муносабатларнинг ўрнатилишига сабаб бўлмоқда — деди Тошкентдаги немис евангел лютеранлар черкови жамоаси раҳбари, пастор Людмила Шмидт. — Ўзбекистон халқаро ислом академиясидаги ушбу тадбир сабаб мен ҳам умримда биринчи марта сумалак пишириш жараёнида иштирок этдим ва бундан жуда хурсандман. Мен чин юракдан барчангизга қалб хотиржамлигини тилайман. Ҳар бирингизнинг хонадонингиз, ҳаётингиздан бахт аримасин!

Шунингдек, академияга юртимиздаги бир қатор диний конфессия вакиллари ҳам ташриф буюрди.

Меҳмонларга Наврўз байрамининг тарихи, унинг бой маънавий-маърифий аҳамияти ҳақида маълумот берилди. Дошқозонларда қайнаётган сумалак, байрамона муҳит конфессия вакилларида катта таассурот уйғотди.

Ўзбекистондаги Рим-католик черкови раҳбари, епископ Ежи Масулевич Ўзбекистонда Наврўз байрамида инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат янада ортиши, баъзи халқларда шу жиҳат етишмаслигини алоҳида таъкидлар экан, “Наврўзнинг нишонланиши халқларни бир-бирига янада жипслашишини англатади. Зеро, биз фақат виртуал ҳаётда эмас, бир-биримиз билан дўстона мулоқот қилиб яшашимиз зарур. Мен энг муҳими шу деб ҳисоблайман. Бу байрам католик черкови вакили сифатида мени хурсанд қилмоқда. Қандай маданиятда яшашимиз, қандай динга эътиқод қилишимиздан қатъи назар, Наврўз байрами қайтадан туғилиш, янгиланиш байрами бўлиб қолаверади. Уни биргаликда нишонлашимиз керак”, деди.

Қадим тарихга эга бўлган халқ байрами муносабати билан академияда яна бир эзгу ташаббус қанот ёзди. Истеъдодли, ижодкор талабалар ўртасида “Назмий асарлар” танлови ўтказилиб, сараланган шеърлар китоб ҳолида чоп этилди. Асосий байрам тадбирлари олдидан факультетлар ўртасида деворий газеталар танлови, шахмат-шашка, кураш, стол тенниси, бадминтон, арқон тортиш спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилгани ҳам байрам шукуҳига шукуҳ қўшди. Фаол талабалар ташаббуси билан ташкил этилган ҳашар эса ёшларни эзгу мақсадда бирлаштириш баробарида уларни табиатга ошно этди. Байрам арафасида академияда кўп йиллар фаолият юритган фахрий устозлар хонадонига борилиб, совға-саломлар билан бирга сумалак улашилгани қадриятларимизнинг ўзига хос бир кўринишини ифодалади.

Сайл давомида юртимизда истиқомат қилувчи турли миллат ва элат вакилларининг Наврўзни нишонлашга оид урф-одатларни акс эттирган саҳна кўринишлари, шеърий-мусиқий чиқишлар намойиш этилди.

— Барчангизни кўриб турганимдан хурсандман, – дейди Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси Таълим бўлими раиси, Тошкент православ семинарияси проректори, протоиерий Сергий Стасенко. —Наврўз шундай байрамки, ҳаётимизга янги йўналиш олиб киради. Бу воқеанинг ҳаётимизда борлиги ажойиб ҳодиса. Шундай мўжизавий лаҳзалар учун Яратгандан миннатдор бўлишимиз, мана шундай жаннатмакон заминда яшаётганимиздан шукроналик ҳиссини туйишимиз керак. Барча Ўзбекистон фуқароларини Наврўз байрами билан табриклайман.

Кўтаринки кайфиятда ўтган тадбирда халқ ўйинлари (кураш, арқон тортиш, тош кўтариш) ҳамда “Варрак шоу” ўйинлари ташкил этилди. Баҳорий таомлар танлови, сумалак сайли, мазали ош тайёрлаш мусобақалари ўтказилди. Ғолиб ва совриндорларга мутасаддилар томонидан эсдалик совғалари топширилди.

Миллий атлас ва адрас либослари, турли миллат халқ ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси намойиш этилди. Академия талабалари томонидан “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танлови, юртимиз турли вилоятларининг ўзига хос урф-одатлари акс этган саҳна кўринишлари, республика Миллий-маданий марказлар ансамблларининг бадиий чиқишлари байрам тадбирига янада файз улашди.

 “Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари” кафедраси томонидан киберспорт бўйича ўтказилган мусобақа ҳам томошабинлар эътиборини қозонди.

Муножат МЎМИНОВА,

Янги Ўзбекистон мухбири