Истеъмолчи маҳсулот харид қилаётганда, албатта, унинг қадоғидаги маълумотлар билан танишиши лозим. Белгиланган меъёрларга асосан, маҳсулот ёрлиғидаги маълумотлар аниқ ва давлат тилида ёзилган бўлиши талаб этилади. Айниқса, озиқ-овқат маҳсулоти ёрлиғидаги маълумот истеъмолчида шубҳа уйғотса, ушбу товарни харид қилмаган маъқул.
“Ўзстандарт” агентлиги ҳузуридаги департамент ва Ўзбекистон истеъмолчилар хуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳамкорлигида “Озиқ-овқат маҳсулотини тамғалаш юзасидан унинг хавфсизлиги тўғрисида”ги умумий техник регламент талабларининг бажарилиши ўрганилди.
Пойтахтимиздаги савдо расталарида сотилаётган, Россия Федерациясидан юртимизга импорт қилинган, "Останкино-новый стандарт” МЧЖ, “Стародворские колбасы” ва “Останкинский мясоперерабатывающий комбинат”да ишлаб чиқарилган колбаса ва сосиска маҳсулотлари ёрлиғида озуқавийлик қиймати (углеводлар миқдори) тўлиқ кўрсатилмагани, ёрлиғидаги маълумотни ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги ва маркировкаси давлат тилида ёзилмагани аниқланди.
Натижада маҳсулотни имкорт қилган савдо муассасаси номига мувофиқлик сертификатини расмийлаштириб берган сертификатлаштириш идораси масъул ходимларига нисбатан маъмурий чоралар кўрилди, деб хабар беряпти “Ўзстандарт” агентлиги матбуот хизмати.