Ер участкасида сервитут белгиланиши ер участкаси эгасининг ушбу участкага эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқларидан маҳрум этмайди.

Сервитут белгилашни талаб қилаётган шахс билан ўзга ер участкасининг эгаси ўртасидаги битимга мувофиқ сервитут белгиланади ва у кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши лозим. Сервитутни белгилаш хусусида келиша олинмаса ёки унинг шартларида муросага келинмаса, баҳс сервитут белгилашни талаб қилаётган шахснинг даъвоси бўйича суд томонидан ҳал этилади. Жамоат эҳтиёжлари учун зарур бўлган ҳолларда сервитут қонунга мувофиқ тегишли давлат органи томонидан белгиланиши мумкин (оммавий сервитут).

Ер эгасининг муайян ҳолларда қўшни ер эгасига тегишли ердан фойдаланишини талаб қилиш ҳуқуқи сервитут ҳуқуқи деб номланади. Сервитут қуйидаги мақсадларда белгиланиши мумкин:

  • ўзганинг ер участкаси орқали пиёда ёки транспортда ўтиш;
  • ўзганинг ер участкасида дренаж ишлари ўтказиш;
  • ўзганинг ер участкасидан электр узатиш, алоқа линиялари ва трубопроводлар, ирригация, муҳандислик ва бошқа линиялар ҳамда тармоқлар ўтказиш ва улардан фойдаланиш;
  • ўзганинг ер участкасидан экинзорларни ва қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини суғориш учун сув олиш;
  • қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини ўзганинг ер участкаси орқали ҳайдаб ўтиш;
  • ўзганинг ер участкасида иҳота дарахтлари экиш ва табиатни муҳофаза қилишга тааллуқли бошқа объектлар барпо этиш.

Сервитут бошқа мақсадларда ҳам белгиланиши мумкин.

Сервитут уни талаб қилган шахс ва ер эгаси ўртасидаги битимга асосан белгиланади. Агар икки тараф келиша олмаса, ушбу масала судда кўриб чиқилади. Сервитут тўғрисидаги келишув давлат рўйхатига олиниши лозим ва ер участкаси бошқа шахсга ўтган вақтда ҳам сақланиб қолади. Сервитут тўғрисидаги келишув уни белгилашга сабаб бўлган юқоридаги асослар барҳам топганда бекор қилиниши мумкин.