Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ ёзувчиси Саид Аҳмаднинг рафиқаси. Бу жуфтликнинг биргаликда босиб ўтган ҳаёт йўли 27 йил давом этган, аксарият қисми эса айрилиқ, ҳижрон, туҳмат ва азоб-уқубатлар қуршовида кечган. Албатта, булутлар тарқалиб, оила узра қуёш нур сочган кунлар ҳам бисёр бўлган. Саида опанинг вафотидан кейин Саид Аҳмад яна 30 йил умр кўрди, ижод қилди. Натижада уларнинг ҳаёти муҳаббат ва садоқат рамзи, севги достони ўлароқ тарихга кирди.
* * *
Саид Аҳмад хотираларидан:
— Мен Катта Фарғона канали қурилиши даврида ёшлар газетасида мухбир бўлиб ишлардим. Бир куни андижонлик ёш шоира Саида Зуннунова билан учрашиб қолдик. У мендан бир нечта китоб сўради. Менда улар йўқ эди, лекин дўстимдан олдим ва Саидага бериб юбордим. Китоблар шу бўйи унда қолиб кетди... Орадан бир қанча вақт ўтгач, уйимдагилар Саиданинг яқинлари билан кўришишди ва тўйимиз 1949 йилнинг 28 ноябрь санасига белгиланди...
Бироқ уларнинг бахти узоққа чўзилмади. Саид Аҳмаднинг эслашича, жуда оғир кунларни бошдан кечирган кезлари Саида опа кўпинча бир гапни такрорлар эди: “Афтидан, мен машаққатларни кўтариш учун яралганман...”. Ҳатто тўйи куни ҳам оқшом кўйлагини мотам либосига алмаштирган: 1949 йилнинг 28 ноябрь куни келиннинг суюкли укаси Насибжон 17 ёшида вафот этади. Онаси Сабоҳатхон ая қизининг тўйида даврон суриш ўрнига ўғлининг дафн маросимини ўтказиш учун Андижонга қайтиб кетади.
* * *
Саида Зуннунова 1926 йили Андижон шаҳрида хизматчи оиласида дунёга келди. Ўрта мактабни битиргач, Андижон педaгогика институтига ўқишга кирди. Сўнг Ўрта Осиё давлат университетининг филология факультетида ўқиди. Турли вақтларда “Гулхан” журнали, “Ўзбекистон маданияти” газетасида адабий ходим, Бадиий адабиёт нашриётида муҳаррир ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи бўлиб ишлади.
Шоиранинг илк шеъри 1945 йили Андижон вилояти “Пахта фронти” газетасида босилган. “Қизингиз ёзди” номли илк шеърлар тўплами эса талабалик йилларида нашр этилиб, шеърият мухлислари эътиборини қозонди. Шундан кейин унинг “Янги шеърлар”, “Гуллар водийси”, “Қизларжон”, “Шеърлар”, “Бир йил ўйлари”, “Нилуфар” шеърий тўпламлари эълон қилинди.
Шунингдек, у гўзал лирик шеърлар билан бирга “Содиқ ва Анор”, “Хайрихон”, “Сурат билан суҳбат”, “Қўшниларим” сингари достонлар ҳам битди. Саида Зуннунова бу асарларида инсон руҳиятининг нозик қирралари ва тебранишлари, туйғу ва кечинмалари, дарду ҳасрат ва орзу-армонларини маҳорат билан ифодалай олувчи шоира сифатида шаклланганини намойиш этди.
Саида Зуннунова ўзбек хотин-қизлари ҳаётини ўрганиш, улар турмушидаги машаққатли жиҳатлар ва мураккабликларга жамоатчилик эътиборини жалб этиш ниятида оила ва муҳаббат мавзусида бир қанча ҳикоя ва қиссалар ёзди. Унинг “Гулбаҳор”, “Повесть ва ҳикоялар”, “Гулхан”, “Дўстлик”, “Қанот”, “Олов”, “Кўчалар чароғон”, “Бўйларингдан ўргилай” сингари насрий китобларида хотин-қизлар ҳаёти ҳаққоний бадиий тажассумини топди. Айниқса, “Янги директор”, “Олов”, “Одамлар орасида” қиссаларида Саида Зуннунова эскилик сарқитларини фош этиш ниқоби остида совет жамиятидаги иллатларни кескин очиб ташлади. Унинг “Она” ва “Кўзлар” номли пьесалари ҳам бор” деб ёзган эди академик Наим Каримов.
* * *
Саид Аҳмад хотираларидан:
— Саида иш столи устида бирор нарса ёзганини эслай олмайман. У бир қўли билан қозонда овқат пишириши, бошқа қўлида шеър ёзиши мумкин эди ёки бир қўлида бешик тебратиб, тиззасига дафтар қўйганча ёзарди ва ёзарди... Уйда бир эмас, учта ёзув столи бор эди, у эса дуч келган ерда ёзиб кетарди — дераза остида ёки дазмол столида. Баъзи шеърларини у ойнома муқовасида ёзишни бошлаган ва телефон дафтарида давом эттирган. Сўнг уларнинг барини тўплаб, икки нусxада босма мошинада териб чиққан.
* * *
Адиблар хиёбонида Саид Аҳмад ва Саида Зуннуновага ҳайкал ўрнатилган. Бу оддий ҳайкал эмас. У метин ирода, садоқат ва вафо, буюк муҳаббатга қўйилган тимсолдир. Бошқача айтганда, ўтган асрнинг ўртасида бошланган севги ва садоқат достонининг давоми. Икки ижодкор севишиб турмуш қургач, ҳеч қанча вақт бирга яшамай, Саид Аҳмад “халқ душмани” сифатида қамалади.
Ёзувчи тутқунликда Жезқозғон (Қозоғистоннинг Қарағанда вилояти) қамоқхонасидан турмуш ўртоғига кўплаб мактублар ёзади. Улар Саиданинг мажруҳ кўнглига, жароҳатига малҳам бўлиб, унинг қоронғи ҳаётини безади. Ўз навбатида, Саида ёзган мактублар ҳам ошиқ маҳбуснинг ҳижрон дардини оз бўлса-да, енгиллатишга ёрдам берди. Энг муҳими, хат ёзувчи ҳам, хат олувчи ҳам ижодкорлар эди. Шунинг учун кўп мактубларда ижодга садоқат, устоз-шогирдлик, бир-бирини қўллаб-қувватлаш, ҳамдардлик ҳисси уфуриб туради.
Бир хатида Саид Аҳмад ёш адибага: “Каптар” ҳикоянгизни ўқидим, яхши чиқибди. Тилни силлиқланг, жумлаларни қисқароқ тузинг”, деб маслаҳат берса, бошқа бир мактубида ўзининг китоб бошлагани ҳақида ёзади. Қамоқда ўтирган бўлса ҳам ўзбек адабиёти, адабий жараёндан бохабарлиги сезилади.
Хат — кўнгил ойнаси, инсон қалби унда акс этади. Адибнинг хатларида қалб кечинмалари, руҳий изтироблар ёрқин намоён бўлган. Саид Аҳмад айрилиқнинг бир йилу бир ойида ёзган мактубида севган ёридан миннатдорлиги, ўзи ғам-аламда бўлса-да, унинг кўнглини кўтариш руҳи кучли экани кўринади: “Дарёлар ва саҳролар ортида қолиб кетган ғариб масканимни обод қилиб, тақдирнинг ҳамма оғир жабру жафолар юкини ўзининг ожиз елкасида муттасил кўтариб келаётган мунис, мушфиқ, меҳрибон онамни овутиб ўтирганингиз учун сиздан ниҳоятда миннатдорман”.
Саид Аҳмад туҳмат балосига қолиб, бошига мушкул ишлар тушган бўлса-да, айрилиқда яхши кунларга ишониб яшаганидан бу мактублар гувоҳлик беради: “Туҳмат лойқадек қуйига чўкмоғи, ҳақиқат булоқ сувидек қайнаб юзага чиқмоғига ишонган киши ҳеч қачон умидсиз бўлмайди. Яхши кунларнинг бирида юз кўришмоққа умидим катта”.
Саида Зуннунова ёзган ҳар бир шеърини, ҳикоясини Саид Аҳмадга юбориб тургани, улар ҳижронда ҳам ижод жараёнидан бир-бирини хабардор қилиб тургани мактублардан аён.
* * *
Қора кучлар Саида Зуннуновага турмуш ўртоғидан воз кечиш талабини қўяди. Қатъиятли аёл турмуш ўртоғидан воз кечмайди. Бунинг учун шоирани ўқишдан ҳайдашади, ишдан бўшатишади. Эндигина танилиб бораётган ижодкорнинг шеърларини чоп этишмайди.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов хотирасидан:
— Ёзувчи Саид Аҳмад қамалгач, шоира Саида Зуннуновани ҳам сиқувга оладилар. Ёзувчиларнинг уюшмасида мажлис қилиб, “Ё эрим халқ душмани, ундан воз кечаман” деб тилхат ёзиб берасан ёки ёзувчилар сафидан ўчириласан” деб шарт қўядилар.
Ўша машъум йилларда эрининг “халқ душмани” эканини тасдиқлаб, газетага ёзиб чиққанлар ҳам, эрини қаматиб юборганлар билан “апоқ-чапоқ” бўлиб кетган хотинлар ҳам бўлган… Балки шоирани ўртага олиб талаган “ҳамкасблар” Саида Зуннуновадан ҳам шуни кутгандир. Аммо Саида опа бошқача йўл тутган.
— Майли эримни “халқ душмани” дейишингиз мумкин. Аммо менинг ҳам битта шартим бор. Мени эрим билан юзлаштиринглар! Эрим ўз оғзи билан “Ҳа, мен халқ душманиман”, деса, ўшанда ишонаман!
Шоирани ҳақорат қиладилар. Ёзувчилар уюшмасидан ҳайдайдилар. Асарларини босишни тақиқлаб қўядилар…
Шунда Саида опа келинлик бисоти — тилла тақинчоқларни сотиб, машинка харид қилади. Қозоқ адиби Мухтор Авезовнинг давлат нашриётида чиқаётган “Абай” романи таржимасини машинкадан чиқаради ва меҳнати эвазига ҳақ олиш учун нашриётга боради...
* * *
Саида Зуннунова кекса қайнонаси билан бирга яшайди. Эртанги кунига, турмуш ўртоғининг келишига ишонади. Қилинган ноҳақликлар, камситишларга жавобан кўзидаги ёшини кўрсатмай, ўзини бепарво тутган. Метиндек бардош билан барча аламни ичига ютган. Турмуш ўртоғининг ноҳақ эмаслигига кучли ишонган.
Вақт ўтиб, тузум ўзгарди, адиб оқланди. Шоира бошидан кечирган, фақат ўзигагина аён ҳолатларни “Васлингнинг умидида дунёдан ўтиб боргум, Қаноатда Саида филча бўлурми, ҳай-ҳай” деб ёзган сатрларида изоҳлашга ҳаракат қилди. Бу дардли шеър ҳозир халқимизнинг севимли қўшиғига айланган.
Сўнг жуфтлик бахтли ҳаёт кечирди. Бироқ бу бахтнинг умри ниҳоятда қисқа бўлди. Ажал шоирани Саид Аҳмаддан ажратди. Адиб 30 йил Саидасиз яшади. Метин иродали, сўзида собит, аҳдига вафодор аёлга ёзувчимиз ҳам умрининг охиригача садоқат сақлади.
Саид Аҳмад хотираларидан:
— Бу 1977 йилнинг баҳорида бўлган. Мартнинг ўрталарида ўрик гуллади. Мен ўрикнинг гуллаган шохидан бирини уздим, олча тагида гуллаган бинафшаларни тердим ва эндигина босмадан чиққан “Сараланган асарлар”нинг иккинчи боби билан Саидахоннинг олдига касалхонага бордим. У аввал нашриёт сиёҳининг иси ҳали тарқамаган иккинчи бобни варақлади. Сўнг бинафшаларни ҳидлади. Ундан кейингина ўрик шохидаги гулларга қаради.
— Бу ҳовлимиздаги ўрикнинг гулларими? — деб сўради у.
— Ҳа.
— Марғубанинг дарвозасидаги жийда ҳали гулламадими?
— Бир ойдан сўнг гуллайди, — дея жавоб бердим.
— Мен эса касалхонадалигимда гуллаб қўймасмикан, дея хавотирландим. Яхшиямки, у гуллаганда мен уйда бўламан...
Жийда гуллаганда Саидахон оламдан кўз юмганди... Бир ойдан сўнг гуллаган жийда шохини юлдим ва унинг қабри устига қўйдим”.
Саида Зуннунова 1977 йили 51 ёшни қарши олиб, дунёдан кўз юмди.
* * *
Адабиётимиздаги икки буюк намоянданинг ҳаёти, муҳаббати ва садоқати акс этган “Саид билан Саида” фильми кино ихлосмандлари эътиборига ҳавола этилганига кўп бўлгани йўқ. Ўзбекистон санъат арбоби Шуҳрат Аббосов ҳамда Нодира Ҳусанхўжаева (Саид Аҳмаднинг қизи) сценарийси асосида 2018 йили экранларга чиққан фильм “Ўзбеккино” миллий агентлиги буюртмасига кўра режиссёр Нозим Аббосов томонидан суратга олинган.
Чин муҳаббат ва садоқат ҳар қандай шароитда ҳам қийматини йўқотмайди. Собиқ тузумнинг қонли қатағонларидан минглаб инсонлар қатори азоб чеккан Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад ва унинг суюкли рафиқаси, беназир шоира Саида Зуннунованинг ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилувчи кинокартина қисқа муддатда томошабинлар қалбидан чуқур ўрин олди.
Чунки она Ватанга садоқат, меҳнат ва бахт, муҳаббатни ҳақгўйлик билан куйлаган шоиранинг лирик шеърлари, насрий асарлари адабий хазинамизни бойитиб турибди. Унинг ҳассос назми, самимий насри ўзбек китобхонларининг маънавий мулкига айланган. Шунингдек, адиба асарларини кўплаб қардош халқлар ўз она тилида севиб ўқимоқда.
* * *
Куни кеча пойтахтимизда атоқли адиба Саида Зуннунова таваллудининг 100 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Адабиёт ихлосмандлари аввал Адиблар хиёбонида Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова ҳайкали пойига гул қўйиш маросимида иштирок этиб, ижодкор жуфтлик хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Сўнг тадбир Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг катта мажлислар залида давом этди.
Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Фарида Афрўз Саида Зуннунованинг ҳаёти ва ижод йўли, бой маънавий мероси ҳақида сўз юритди. Филология фанлари доктори, профессор Ҳамидулла Болтабоев устоз-шогирд анъаналари, хусусан, Асқад Мухторнинг Саида Зуннуновадаги иқтидорни илғагани ва уни адабиёт бўстонига олиб киргани ҳақидаги қизиқарли маълумотлар билан ўртоқлашди. Ғафур Ғулом уй-музейи директори Олмос Аҳмедова ва бошқалар адиблар ҳақидаги ёрқин хотираларни гапириб берди. Ўзбекистон халқ артисти Зулайҳо Бойхонова шоира қаламига мансуб “Васлингнинг умидида” деб бошланувчи машҳур шеърнинг қўшиқ бўлиш тарихи ҳақида сўзлаб, халқимиз қалбидан жой олган ижод намуналаридан йиғилганларни баҳраманд қилди.
— Талабалик давримдан “Бир йил ўйлари” китобчаси билан ҳаётимга кириб келган, нозиктаъб, малоҳатли жасоратга уйғун шоира билан учрашиш менга насиб этмади, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муҳтарама Улуғова. — Бебаҳо хотиралар — аудио, видео ёзувлар орқали шоиранинг қиёфаси, айниқса, овози дилимга ўрнашиб қолган. Ҳар гал асарларини ўқиганимда жилоси бахмалга, арқоқ ўриши ипакка андазадек туюладиган малҳам овозини эшитаман.
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири