Мухбиримиз Ўзбекистон Фанлар академияси Сейсмология институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, геология-минералогия фанлари доктори, профессор Воҳидхон ИСМОИЛОВ билан суҳбатлашиб, мавзуга доир саволларга жавоб олди.

— Бугун Ер юзида глобал сейсмик фаоллик экстремал даражага чиққани айтилмоқда. Бу сайёрада янги зилзила ва вулқон ўчоқлари фаоллиги ошади, деганидир.  Илмий жиҳатдан бу фаразлар қанчалик  асосли?

 — Бу ўринсиз ва асоссиз прогноз. Бундан 20-30 йил илгари интернет тармоқлари у қадар ривожланмаган эди. Дунёда бўлаётган табиий жараёнлар ҳозиргидек турлича талқин қилинмасди. Интернет тармоғи ривожланиши мана шундай ўринсиз ваҳималарни келтириб чиқаради. Айни пайтдаги жараёнлар оддий, табиий ва одатдагидек юз бермоқда.

— Ўзбекистонда сейсмик зилзила хавфидан олдиндан огоҳлантирувчи тизим ишлаб чиқилганми?

— Зилзила бир неча сонияда юз беради. Шу пайтда электр, газ тармоғини дарҳол ўчириш, бинонинг хавфсиз нуқтасида сақланиш ва бошқа зарур чора-­тадбирлар ҳақида махсус кўрсатмалар мавжуд. Аммо зилзила хавфидан барвақт огоҳлантирувчи тизим ҳали ишлаб чиқилмаган. Бу тизимни йўлга қўйиш жуда катта саъй-­ҳаракатни талаб қилади. Чунки ўрнатиладиган ускуналар, сейсмоприёмниклар, маълумотни қабул қилиб, ҳар бир ҳудудга етказиб берадиган мукаммал тизим яратилиши зарур. Бунинг учун жуда катта маблағ ва вақт керак. Бу саъй-­ҳаракат келажакда ўзини қанчалик оқлашини ҳам вақт кўрсатади.

Лекин бир фактни ишонч билан айтиш мумкин. Юртимизда 60 га яқин сейсмологик ва 30 га яқин пунктда магнит майдон ўзгаришини ўрганувчи станциялар ҳамда ер ости сув таркиби ўзгаришини тадқиқ қилувчи 20 дан ортиқ пункт мавжуд. Ўша маълумотларга асосланган ҳолда ўз таҳлилларимизни бериб боряпмиз. Хусусан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги таркибидаги Республика сейсмопрогностик мониторинг маркази ва Сейсмология институти мутахассислари билан ҳамкорликда ҳар ҳафта бутун мамлакатимиз бўйлаб сейсмик прогностик пунктлардан доимий олинган маълумотлар таҳлил қилинади. Шу асосда Ўзбекистон бўйича сейсмик ҳолат мунтазам баҳолаб борилади. Бу жараён ҳар ҳафта пайшанба куни амалга оширилади. Сўнгги пайшанбада Ўзбекистон ҳудудида 5 баллдан юқори зилзила кутилмаяпти, деган прогноз берилган. Агар прогноз бунинг аксини кўрсатса, дарҳол юқори ташкилотларга огоҳлантириш хати жўнатилади.

Ҳозир Сейсмология институтида қатор илмий изланишлар олиб бориляпти. Жумладан, махсус ускуналарни ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда. Зилзила юз берган ҳолатда ҳам унинг тўлқини кейинги аҳоли пунктига етиб боргунча огоҳлантириш сигналларини жорий қилиш вазифаси турибди. Бу бўйича илмий тадқиқотлар қиляпмиз. Яқин беш йилда бу мақсадимиз рўёбга чиқади. Бунинг учун ҳамкор ташкилотлар, зарур анжомларни ишлаб чиқарадиган корхона ва албатта, салмоқли маблағ талаб этилади. Ниятимиз амалга ошса, табиий офат хавфидан тезкор огоҳлантирувчи ускуналар бутун мамлакатимизга тарқатилади. Бундай жиҳозларни ҳар бир маъмурий бино, хусусан, таълим­-тарбия муассасаларида ўрнатиш керак. Японияда худди шундай тизим жорий қилинган.

Институтимиз олимлари томонидан йирик шаҳарларнинг сейсмик микрорайонлаштирилган хариталари ишлаб чиқилган. Ҳозирги кунда бу ишлар жаҳон тажрибасига асосланган ҳолда давом этмоқда. 2022 йилда Андижон, Наманган, Фарғона ҳамда Янги Андижон шаҳрининг сейсмик микрорайонлаштирилган хариталари микросейсмик балларда ва чўққи тезланишларда ишлаб чиқилди. Бу хариталарда шаҳар ҳудудининг қайси қисмида неча балл ва тезланишли силкиниш юзага келиши мумкинлиги акс этади. Силкинишларнинг миқдори ва бошқа параметрлари келтирилади. Бино ва иншоотлар қурилишидан олдин айнан шу хариталарга асосан лойиҳалаштирилади. Мисол учун, бу йил Тошкент шаҳрининг қайси қисмида неча балли силкиниш юзага келиши мумкинлиги ҳам харитада акс эттирилади. Қурилиш, лойиҳалаш ташкилотлари айнан шунга кўра лойиҳалаш ишларини бажаради. Менимча, ҳозиргача қурилган янги иншоотлар мана шу мезонлар асосида барпо этилган ҳамда харитада кўрсатилган балли силкинишга бардош беради.

— Сейсмологлар зилзила хавфини замонавий математик моделлар орқали прогноз қила олиши мумкинми?

— Ҳозир сунъий интеллектни жалб қилиш орқали кўп соҳаларда муваффақиятга эришилмоқда. Жумладан, сейсмик хавфни баҳолашда ҳам фойдаланилмоқда. Умуман, математик моделлаштириш кенг қўлланади. Аммо мақсадли айрим йўналишларда, яъни зилзилани прогноз қилишда математик модел иш бермайди. Чунки биринчи зилзила ҳеч қачон иккинчисига ўхшамайди. Биринчидан, уларнинг келиб чиқиш механизми ҳар хил бўлади. Жойларнинг геологик тузилиши бир-­биридан тубдан фарқ қилади. Шу сабабли ер силкиниши ҳолатлари ҳам бир­бирига ўхшамайди. Жараённинг вужудга келиши, тузилиши ҳар хил бўлганидан кейин ундан кутилаётган оқибатлар ҳам турлича бўлади. Ҳозирги математик моделлар бутун ер юзида жамланган тажрибанинг умумлашмаси асосида тузилган. У айрим конкрет ҳолларда иш бермаслиги мумкин. Баъзи ҳолларда эса наф беради. Лекин жараён шунчалик мураккаб, бу модел дунё миқёсида ҳали иш берган, деб баралла айта олмаймиз. Зилзилани олдиндан айтиб бериш мумкинми, деган савол ҳар доим долзарб бўлган. Бутун бошли институтлар назарий томондан шуғулланади, лекин улар ҳали ҳам зилзилани олдиндан айтиб бера олмайди. Аммо илмий жиҳатдан шуғулланишимиз, ўрганишимиз шарт. Чунки бугун бўлмаса, эртага ёки индин бу борада бирор янгиликка эришишга умид қиламиз.

Зилзилани прогноз қилиш асримиз илм-­фанининг муаммоси. Бутун дунё олимлари шу соҳада тадқиқотлар олиб боряпти. Лекин бунинг уддасидан ҳали чиқилгани йўқ. Тўғри, узоқ муддатли — 10 ва ундан ортиқ йилларда содир бўлиши кутилаётган, ўрта — бир йил давомида юз бериши эҳтимолдаги ва қисқа муддатли — бир ой ичида кузатиладиган зилзилалар даракчилари мавжуд. Бизнинг прогноз ҳайъатимиз, асосан, қисқа ва ўрта муддатли зилзилаларни прогноз қилиш билан шуғулланади. Аммо барибир ер силкинишини олдиндан айтиш мушкул. Бу жуда қийин ва кўп омилга таянадиган масала. Шу боис, ер қаърини ўрганишимиз, илмий ва амалий тадқиқотлар қилишимиз керак. Одатда зилзиланинг ҳосил бўлиш нуқтаси 10-­25 километр чуқурликда бўлади.

— Мамлакатимизнинг марказий шаҳарларида барпо этилаётган янги иншоотларнинг зилзилабардошлиги бўйича кенг қамровли профессионал хатловлар ўтказиляптими?

— Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 июндаги “Бино ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини баҳолаш ҳамда электрон техник паспортларни шакллантириш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига кўра, мамлакатимиздаги мавжуд ҳамда янги бино ва иншоотлар, шунингдек, кўп квартирали уй-­жойларнинг сейсмик заифлигини баҳолаш учун зарур маълумотларни назарда тутувчи электрон техник хатлов ўтказилиши керак. Ўтган йили Ўзбекистон бўйича ижтимоий объектлар (мактаб, боғча, шифохоналар)да бу иш бажарилди. Текширувларда бир неча юзлаб бинонинг сейсмик бардошлиги заиф экани аниқланди. Уларни қайта таъмирлаш, кўп квартирали уй-­жойларнинг конструктив тизими, қурилиш майдонининг сейсмик даражаси, юк кўтарувчи конструкциялар материалларининг мустаҳкамлик кўрсаткичини ошириш масалалари кўтарилди. Айни пайтда ҳам бу ишлар давом этмоқда.

Мазкур қарор асосида мамлакатимиз бўйича нормативлар асосида қурилган бино ва иншоотларни тўлиқ хатловдан ўтказиш белгиланган. Бу хатлов ҳозир электронлашган техник паспорт дейилади. Тегишли текширувдан ўтказилганидан кейин ҳар бир бинонинг паспорти тузилади. Паспортдан иншоотнинг зилзилага таъсирчанлиги, бузилиши ёки сақланиши ҳақида кўрсатмалар ўрин олади. Шу пайтгача юртимиздаги маъмурий ва ижтимоий биноларнинг 90 фоизи  тўлиқ хатловдан ўтказиб бўлинди. Уларга оид маълумотлар яхлит платформада йиғиляпти. Тез орада қолган 10 фоиз иншоот хатловдан тўлиқ ўтказиб бўлинади. Шундай қилиб, ҳар бир бинонинг ўз паспорти бўлади ва у ҳар беш йилда янгиланиши керак. Демак, ҳар беш йилда бино зилзилабардошлик бўйича хатловдан ўтказилади.

Тегишли мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида мамлакат бўйича қарийб ҳар бир бинонинг ҳолати ўрганилиб, сейсмик хатарлилик харитаси тузилди. Бундан буён сейсмик харита янги маълумотлар билан такомиллаша боради. Бу ишларнинг барчаси, албатта, қонунчилик билан тартибга солинган. Ҳар бир бино қурилгандан кейин эксплуатацияга топширилаётган пайтда зилзилабардошлик бўйича техник кўрикдан ўтказилади. Шундан кейин фойдаланиш учун қабул қилинади ёки сотувга қўйилади.

— Содир бўлган зилзилаларнинг Ўзбекистонга таъсири қандай?

— Ўрта ер денгизи Осиё сейсмик камарига мансуб жой. Туркия ҳам, Ўзбекистон ҳам шу камарга киради. Бироқ уларнинг бир-­бирига тўғридан-­тўғри боғлиқлиги йўқ. Ер қобиғи бўлак тузилишга эгалиги сабаб Туркияда юз берган зилзиланинг таъсири Ўзбекистон ҳудудида сезилмайди. Аслида, ер қимирлашининг сабаби унинг қобиғидаги тектоник ёриқлар бўйича плиталар ҳаракатига боғлиқ. Тектоник плиталарнинг ҳаракат йўналиши ҳар хил бўлгани туфайли ўзаро тўқнашуви натижасида ер қаърида кучланиш вужудга келади. Натижада қайсидир плитада кучланиш кўпайиб, ернинг ёрилишига сабаб бўлади. Ер ёрилишидан пайдо бўлган қайишқоқ тўлқинлар зилзилани содир қилади. Туркияда юз берган зилзила Ҳиндистон, Австралия метасфераси билан Арабистон плитаси ва шимолдан Евроосиё плитасининг ўзаро тўқнашуви жараёнида ҳосил бўлган. Бу умумий глобал фаоллашув даврида намоён бўлаётган ҳолат, аммо бири иккинчисига тўғридан-­тўғри таъсир қилмайди.

Зилзиланинг кучи чуқурлигига боғлиқ. Тинч океани ҳалқасида 7­-8 балл атрофидаги кучли зилзилалар тез­-тез рўй беради. Лекин уларнинг чуқурлиги 150­-200, ҳатто 720 километргача боради. Бироқ ер юзига чиққанидан кейин таъсири камаяди. Шу сабаб бундай зилзилалар ер юзасида унча талафот келтирмайди. Бизнинг ҳудудда зилзиланинг чуқурлиги 15­-20 километр бўлади. Шу сабаб ер қимирлаши сезилади.

Юз берган зилзиланинг Ўзбекистонгача етиб келган тўлқини жуда катта ҳажмли ускуналар ёрдамида қайд қилинди. Одамлар деярли сезмади. Бу ерга келган тўлқинлар амалий аҳамиятга эга ҳам эмас. Чунки Ўзбекистон ҳудудида ҳар куни 2,5­-3 балли заиф зилзилалар 30-­40 мартагача содир бўлиб туради.

“Янги Ўзбекистон” мухбири

 Рисолат Мадиева суҳбатлашди.