Чанг тўзонлари, об-ҳавонинг ҳаддан ташқари исиб ёки совиб кетиши, сув танқислиги бугунимиз ҳақиқатига айланиб бўлди. Шу тариқа, табиат ўзгаришлари инсон саломатлиги ва ҳаётига таъсир қилувчи муҳим омил экани кун сайин ойдинлашиб бормоқда. БМТ маълумотига кўра, инсон саломатлигининг 20-40 фоизи айнан шу ўзгаришлар билан боғлиқ. Табиий захиралар кескин камаяётган, глобал иқлим ўзгариши, экология ва табиат билан боғлиқ муаммолар инсоният келажагига таҳдид солаётган ҳозирги даврда бу омил янада долзарб аҳамият касб этмоқда.

Сўнгги йилларда атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига мамлакатимизда жиддий эътибор қаратилмоқда. Зеро, фуқароларнинг мусаффо табиий муҳитга бўлган ҳуқуқлари таъминланмасдан туриб, уларнинг саломатлигини ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш имконсиздир.

Саноат ривожланиши натижасида дунё миқёсида атроф-муҳит муҳофазаси масаласи давр талаби сифатида кун тартибидаги долзарб муаммога айланмоқда. Бунинг олдини олиш учун биз табиатга эътибор қаратиб, фақат бугунни эмас, яқин ва узоқ келажакни ўйлаб иш тутишимиз зарур. Албатта, бундай муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмайди. Шунинг учун давлат ушбу соҳада жамоатчилик назоратини амалга оширишни рағбатлантириш ва шароит яратиш чора-тадбирларини ўз зиммасига олмоқда.

Атроф-муҳитни ифлослантирувчи чанг-газ ва кимёвий ингредиентларини ўзида сингдириб, табиатни кислород билан бойитувчи дарахтзорлар экотизим ҳолати барқарорлигини таъминлашда алоҳида ўрин тутади. Шаҳарларда ташкил этилган дарахтзорлар бошқа ҳудудларга нисбатан ёзда ҳаво ҳароратини 3-4 даражага пасайтиради. Яшил ҳудудлар ҳавони 60-85 фоиз турли чанг-газ ва карбонат ангидриддан тозалайди, шовқинни 10-12 децибелгача пасайтиради. Бир гектар ўрмондаги дарахтлар 900 килограмм карбонат ангидрид газини ютиб, 600 килограмм кислородни ҳавога чиқаради. Яна бир маълумот: Бир гектар кўкаламзор 1 соат ичида 200 киши нафас олганда чиқарадиган миқдордаги карбонад ангидридни ўзида сингдира олади.

Шундай шароитда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, атроф-муҳит софлиги, аҳоли саломатлигини таъминлашда шаҳарсозлик лойиҳа ҳужжатларида кўкаламзорлаштириш масаласи муҳим аҳамият касб этади.

Сўнгги йилларда дарахтлар ноқонуний кесилишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Бу яхши, албатта. Лекин Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида кенг қамровли қурилиш ишлари амалга оширилмоқдаки, бу қурилиш лойиҳа ҳужжатларининг барчаси ҳам экологик экспертиза хулосаларини олган ҳамда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилган, деб бўлмайди.

Масалан, 2022 йилда 9000 тупдан зиёд дарахт ва буталар ноқонуний кесилиши (улар орасида 2000 тупга яқин ноёб дарахтлар бўлган) билан боғлиқ 4700 га яқин ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган. Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида 423 тадбиркорнинг шаҳарсозлик норматив ҳужжатлари экологик экспертизадан ўтказилмаган, шундан 332 хўжалик юритувчи субъект ўраб олган ҳудудлардаги дарахт ва буталарнинг 100 дан зиёди қуриб қолгани ва 20 таси турли касалликка чалингани маълум бўлди.

Бу ҳолатда экологияга етказилаётган зарарни камайтириш зарурати юзага чиқмоқда. Айниқса, айрим шаҳар ва қишлоқларимизда олиб борилаётган қурилишларнинг экологияга зарари белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлмоқда. Дарахтлар ва ўсимлик қопламларининг қисқариши ҳисобига турли табиий офатлар юзага келмоқда.

Жумладан, 2020-2022 йилларда аҳолидан келиб тушган 15 минг мурожаатнинг барчасида қурилишлардан норози бўлган ҳолат акс этган. Судлар томонидан биргина Тошкент шаҳрида 200 дан ортиқ қурилиш тўхтатиб қўйилган, ҳар йили атмосфера ҳавосига 2,2 миллион тонна саноат ва транспорт ташланмалари чиқарилаётгани ҳам ушбу масала тобора долзарб аҳамият касб этаётганидан далолат бермоқда.

Шу боис, аҳоли ва кенг жамоатчилик таклифларидан келиб чиқиб, янги таҳрирдаги Конституциянинг 49-моддасида давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш, қурилишларнинг табиатга зарарли таъсирига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиши белгиланмоқда.

Шаҳарларнинг бош режалари жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши шартлиги ҳақидаги бундай норма ҳозирги шароитда тобора долзарб аҳамият касб этиб бораётган шаҳарсозликка оид масалаларни халқимиз билан бамаслаҳат ечиш имконини беради. Ушбу норма фуқароларнинг хавфсиз, тоза, соғлом ва барқарор атроф-муҳитга нисбатан конституциявий ҳуқуқини мустаҳкамлайди ва инсонлар учун соғлом экологик муҳит яратилади.

Шу тариқа, эндиликда давлат жамоатчиликнинг шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳалари устидан назоратини кучайтириш учун шарт-шароитлар яратади. Шаҳарсозлик лойиҳа ҳужжатларида ҳудудларнинг географик жойлашуви, унинг тупроқ-иқлим шароитлари, ҳудуд экологик ҳолати ҳамда кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилади.

Ўлмас СОБИРОВ,

Табиат ресурслари вазирлигининг

Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари

илмий-тадқиқот институти бўлим бошлиғи