Тошкент давлат шарқшунослик университетида очиқликни таъминлаш, коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш ва бартараф этиш каби масалаларга бағишланган “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди. Профессор-ўқитувчилар, талабалар ва ота-оналар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Гулчехра Рихсиева, биринчи проректор Қудратилла Омонов ҳамда коррупцияга қарши курашиш “комплаенс назорат” тизимини бошқариш бўлими бошлиғи Алишер Назаров маъруза қилди.

Университет ректорининг 2021 йил 2 июлдаги тегишли буйруғига асосан ОТМда коррупцияга қарши курашиш “комплаенс назорат” тизимини бошқариш бўлими ташкил этилган. Ўтган даврда университетда коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш, сабабларини бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш юзасидан қатор ишлар бажарилди.

Жумладан, комплаенс назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича 20 га яқин меъёрий ҳужжат қабул қилинди. Ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларида коррупцияга қарши курашиш ва олдини олиш бўйича мажбуриятлар белгиланди. Коррупциявий хатти-ҳаракатлар юзасидан хабар қилиш имкониятини берувчи ишонч телефони рақами ва телеграм ижтимоий тармоғида махсус бот ташкил этилди.

Шунингдек, университетда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва ўз вақтида бартараф этиш мақсадида фуқаролик жамияти институтлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ота-оналар билан коррупцияга қарши курашиш соҳасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Талабалар ўртасида сўровномалар ўтказилиб, натижаси бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Университет фаолиятида замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш орқали “инсон омили” қисқартирилаётгани ҳам ижобий қадамлардан.

Жумладан, университет фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, ўқув, илмий, маъмурий ва молиявий жараёнларни автоматлаштириш, молиявий харажатларни қисқартириш, бошқарув жараёнлари учун сарф қилинадиган вақтни қисқартириш ва меҳнат самарадорлигини ошириш мақсадида олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими (HEMIS) жорий этилди. Ушбу ахборот тизими маъмурий, ўқув, илмий ва молиявий жараёнларни бошқариш модулларини ўз ичига олади.

Университетнинг коррупцияга қарши курашиш “комплаенс назорат” тизимини бошқариш бўлими фаолияти доирасида ходимлар ва профессор-ўқитувчилар фаолиятини мунтазам таҳлил қилиш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу эса эҳтимолий коррупция хавфини аниқлаш ва олдини олиш бўйича ўз вақтида чора кўриш имконини яратади.