Адлия вазирлиги томонидан шартномавий муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари таҳлил қилиниб, бу борада янада қулайликлар яратиш мақсадида қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжати лойиҳаси ишлаб чиқилди:
Шартномавий-ҳуқуқий муносабатларга киришишда сунъий чекловлар олиб ташланмоқда, жумладан:
– банкларга етказиб берилган маҳсулотлар (иш, хизмат) учун тўловларни учинчи шахслар ҳисобидан қабул қилишга қўйилган тақиқ;
– нотариуслар томонидан шартномаларни тасдиқлашда коммунал тўловлардан қарздорлик йўқлиги ҳақидаги ахборот олиш бўйича талаб бекор қилинмоқда.
Шартнома шартларини белгилашда тарафларнинг эркинлиги таъминланмоқда, жумладан:
давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг маҳсулотларни (ишларни, хизматларни) етказиб бериш тўғрисида тузиладиган шартномаларида олдиндан 15 фоиз тўловни амалга ошириш талаби;
қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчилари
ва тайёрлов ташкилотлари ўртасида тузиладиган шартномаларда мажбурий бўлган аванс тўлови бекор қилинмоқда.
Эндиликда Фармон лойиҳасига мувофиқ, юқорида назарда тутилган олдиндан тўлов ва аванс ҳамда уларнинг миқдорлари тарафларнинг келишувига кўра шартнома шартларида эркин белгиланади.
Айрим шартномавий-ҳуқуқий муносабатларда фуқаролар ҳуқуқларининг ҳимояси кучайтирилмоқда, жумладан:
➖ фуқароларга қарз шартномаларини нотариал тасдиқлаш орқали чет эл валютасида қарз бериш ва қайтариб олишга рухсат берилмоқда;
➖ мижознинг рухсатисиз ҳисобварақдаги пулларини чиқариш фақат суднинг қарори билан ёки банк билан мижоз ўртасидаги тузилган шартнома асосида йўл қўйилиши белгиланмоқда;
➖ суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн-аукционда сотувга қўйиладиган мол-мулк
барча қарзлардан ва тақиқлардан ҳоли бўлган ҳолда жойлаштирилиши назарда тутилмоқда.
Коммунал соҳа, энергия билан таъминлаш, алоқа хизмати, йўловчи ва юкларни ташиш соҳаларда табиий монополия субъектлари томонидан ишлаб чиқилган шартномаларни монополияга қарши курашиш органлари билан келишилгандан сўнг истеъмолчилар билан тузиш амалиёт киритилмоқда.
Қуйидаги шартнома турларини фақат электрон шаклда тузилиши таклиф этилмоқда:
бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига ўқитиш шартномалари;
фермер хўжаликлари билан тузиладиган контрактация шартномалари.
Шартномалар тузишда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун енгилликлар яратиш мақсадида Адлия вазирлигининг махсус ахборот порталида бепул равишда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига фойдаланиш учун намунавий шартномалар лойиҳаларини жойлаштириб бориш таклиф қилинмоқда.