«Бизнинг бу ҳаракатларимиз, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби буюк аждодларимизнинг давлат ва халқ бирлиги, инсонпарварлик ва адолат устуворлиги ҳақидаги юксак ғояларига таянади.
Шу асосда, халқ ҳокимиятини мустаҳкамлаш, парламентаризмни ривожлантириш ва давлат органлари ҳисоб́д́орлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.
Давлат ва жамият бошқарувида очиқлик ва адолатга асосланган, одамлар манфаатига хизмат қиладиган, халқпарвар қарорлар қабул қилиш тизими шакллантирилди.
Энг муҳими, биз кўп йиллар давомида амал қилиб келинган «давлат – жамият – инсон» тамойилини ўзгартирдик.
Мамлакатимизда аввало инсон, кейин эса, жамият ва давлат манфаати барча ҳаракатларимизнинг негизига қўйилди. Ҳаётимизда «Давлат – инсонлар учун» деган халқчил ғоя, изчиллик билан қарор топиб бормоқда.
Жамиятда аҳоли ва партияларнинг сиёсий фаоллиги, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг роли ва аҳамиятини оширишга қаратилган, тизимли ишларни олиб бормоқдамиз.
Инсон, унинг ҳақ-ҳуқуқлари, қадр-қиммати ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш тамойили, ислоҳотларимиз моҳиятини ташкил этмоқда.
Шу тариқа, ўтган беш йилда кўплаб масалаларда, янги билим, кўникма ва тажриба орттирдик.
Албатта, барча йўналишларда ҳам ишларимиз бир текисда, силлиқ ва равон кетди, деб айта олмаймиз. Қатор соҳаларда айрим камчилик ва хатолар ҳам бўлди. Лекин, тўла ишонч билан айтиш мумкинки, барча ислоҳотларимиз, эзгу ҳаракатларимиз фақат ва фақат мамлакатимиз тараққиётига, халқимиз фаровонлигини оширишга қаратилмоқда. Бир сўз билан айтганда, жамиятимизда демократия тамойиллари, Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда.
Ҳурматли дўстлар!
Маълумки, ўтган беш йиллик давр барчамиз, бутун мамлакатимиз учун, кескин ва оғир синов йиллари бўлди. Айниқса, 2020 йили бошланган коронавирус пандемияси ва унинг оқибатида келиб чиққан глобал иқтисодий инқироз, Ўзбекистон учун ҳам, жиддий муаммоларни юзага келтирди.
Мана шундай мураккаб ва қийин вазиятга қарамасдан, биз миллий иқтисодиётимизнинг ўсиш суръатларини барқарор сақлаб қолишга эришдик.
Амалга оширган ислоҳотларимиз, эришган ютуқ ва натижаларимиз Сизларга, партиямиз фаолларига, айниқса, 1,5 миллиондан ортиқ ишбилармон ва тадбиркорларимизга яхши маълум. Қўлга киритган марраларимизни нафақат халқимиз, балки халқаро ҳамжамият ҳам, бугун холисона эътироф этмоқда.
Шу ўринда, айрим рақамларга эътиборингизни қаратмоқчиман.
Сўнгги беш йилда мамлакатимиз иқтисодиёти 24 фоизга, саноат – 34 фоиз, экспорт ҳажми 1,5 баробарга, хорижий инвестициялар ҳажми эса, 3 баробарга ўсгани, биз қўлга киритган юқори натижалардан далолат беради.
Шу даврда ўртача ойлик иш ҳақи 2,2 марта кўпайди.
Бу борада биз:
- иқтисодиётни эркинлаштириш, ташқи савдо, солиқ ва молия сиёсатини тубдан такомиллаштириш;
- тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш;
- қишлоқ хўжалигида чуқур ва пухта ўйланган ислоҳотларни амалга ошириш;
- ҳудудларни ривожлантириш, саноат ва хизматлар кўламини кенгайтириш масалаларига устувор аҳамият қаратмоқдамиз.
Амалий натижадорлик, инсон манфаати ислоҳотларимизнинг бош мақсадига айланди.