Маълумки, қорақалпоқ элининг ўзига хос бахшичилик йўналиши бор. Мустақиллик йилларида бу ерда опера ҳам ривожланди. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ бахшилари, хизмат кўрсатган артистлар етишиб чиқди.
Опера ва бахшичилик мактаб-интернати ушбу анъанани давом эттириш, ёш авлодга етказишга хизмат қилади. Мазкур ихтисослаштирилган таълим маскани ўтган ойда ишга туширилди. Муассаса 150 ўринга мўлжалланган бўлиб, унга 9 синфни битирган иқтидорли ўқувчи ёшлар танлов асосида қабул қилинади. Ҳозирда 30 нафар ўғил-қиз ўқишни бошлади. Уларга таниқли санъат усталари ва педагоглар сабоқ бермоқда.
– Бундай мактабларни ташкил этишимиздан асосий мақсад – тарихимизни, маданиятимизни чуқур ўрганиш, ўзлигимизни англаш. Бахшичилик – қорақалпоқ элининг улуғ анъанаси, уни ривожлантириш учун ҳамма шароитларни яратамиз, – деди давлатимиз раҳбари.





