Учрашув Фарғона вилояти Бағдод туманидаги янги аҳоли турар-жой массивида бўлиб ўтмоқда.
Шавкат Мирзиёев: Сизлардан илтимосим, кимда қандай таклиф бўлса, айтсангиз, менга осон бўлади. Сайловолди дастуримиз мукаммал бўлади. Фарғона энг катта вилоятлардан бири. Гаплашадиган гапимиз кўп.
"Биз 5 йилда нимадан қутулдик? Қўрқувдан. Тадбиркорлар билан кўришдим, улар шундай деяпти. Наманганлик тадбиркор 80 миллион доллар айланма маблағим бор деяпти. Аввал 8 минг доллар бўлганидаёқ назоратга олинарди"
Сайловда ҳамма ўз юрагига қараб танлов қилсин. Кимни истасангиз шуни сайланг. Фақат олдингидек бир киши бутун оиланинг паспортини олиб бориб сайлаб келмасин. Онгли равишда бўлсин. Демократик йўлдан кетишимизни бутун дунё ҳамжамиятига намойиш этамиз, деб ишонаман".- Шавкат Мирзиёев.
Шавкат Мирзиёев сайловчилар билан учрашувда дастлаб жадидларни тилга олди:
- Ўтган асрда 100 минг юртдошимиз қатағон қилинган. Улар билган, иккита Ренессансни қила олган халқнинг зиёлиларини атай йўқ қилган. Биз юртимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга ҳаракат қиляпмиз. Ҳеч шубҳасиз, агар мустамлака тузумининг қатағон сиёсати бўлмаганида, ушбу Ренессансни маърифатпарвар жадид боболаримиз яратган бўлар эди.
Шавкат Мирзиёев Фарғона жадидларининг маънавий отаси -Зокиржон Фурқат ижодини кенг оммалаштириш Қўқон шаҳри марказидаги Фурқат боғида шоирнинг ҳайкалини ўрнатиш бўйича таклиф билдирди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Ашурали Зоҳирийни ёдга олди:
- Юртимизда илк бор “Ўзбек тили” дарслигини яратган атоқли олим, журналист ва таржимон, жамоат арбоби Ашурали Зоҳирий бўлганини сизлар албатта яхши биласизлар. Бутун умрини эл-юртни, миллатимизни маърифатли ва маданиятли қилишга бағишлаган, 1937 йили “халқ душмани” сифатида қатағон қурбони бўлган бу бетакрор инсоннинг хотирасини муносиб қадрлаш, номини абадийлаштириш учун зарур чора-тадбирларни амалга оширсак, ўйлайманки, тарихий адолат қарор топади.