Таъкидлаш керак, Ҳумоюн ёшлигидан шахматга меҳр қўйди ва 6 ёшидаёқ аввалига мамлакат, сўнгра Осиё чемпионлигини қўлга киритди. Шахмат бўйича спорт усталигига номзод талабини бажарган дунё тарихидаги энг ёш шахматчига айланди. У ўзининг меҳнатсеварлиги, тиришқоқлиги ҳамда мақсад сари интилувчанлиги билан алоҳида ажралиб туради.

2020 йилда Ҳумоюн шахмат бўйича ҳаваскорлар ўртасида онлайн Ўзбекистон чемпионатида ғолиб чиқди ва якунда «Спарк» автомашинаси билан тақдирланди.

Учрашувда туризм ва спорт вазири Ҳумоюн Бегмуратовни яқинда ФИДE спорт усталиги талабини бажарган жаҳондаги энг ёш шахматчилардан бирига айлангани билан муборакбод этди. Қолаверса, ёш шахматчимизга қисқа муддатларда халқаро гроссмейстерлик талабини бажариши йўлида ҳам омад ва муваффақият тилади.

Ёш шахматчимизга келгуси мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриши ва маҳоратини янада ошириши учун энг замонавий русумдаги компьютер, яъни MacBook совға қилинди.

Шодиёна шодиёнага уланиб кетди, бугун Ҳумоюн ўзининг таваллуд айёмини нишонламоқда, у 12 ёшга тўлди. Шу муносабат билан ёш шахматчимиз ва унинг оила аъзоларига Туризм ва спорт вазирлиги томонидан «Тибет» сиҳатгоҳига уч кунлик ваучер ҳам тақдим этилди, дея хабар беради Туризм ва спорт вазирлиги ахборот хизмати.