Айни кунларда Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида давом этаётган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси муносиб иштирок этяпти. Шу кунгача уч ғалаба ва битта дуранг қайд этган йигитларимиз кеча яна бир ишончли ғалабани тантана қилди.

Нодирбек Абдусатторов етакчилигидаги ўзбек шахмат мактабининг “олтин авлоди” 5-турда Словакия терма жамоасига ҳеч қандай имконият қолдирмади: Ўзбекистон – Словакия – 4:0.

Дастлаб халқаро гроссмейстеримиз Нодирбек Абдусатторов Словакия терма жамоасининг биринчи тахтадаги вакили, халқаро гроссмейстер Жергуск Пехасни мағлуб этди. Жавоҳир Синдаров эса Жураж Друскадан устун келди. Яна бир умидли шахматчимиз Нодирбек Ёқуббоев Виктор Газикни мағлубиятга учратган бўлса, сўнгги вакилимиз Жаҳонгир Воҳидов Кристофер Репкага ҳеч қандай имконият қолдирмади.

Шу тариқа 5-турдан сўнг Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси 4 ғалаба ва бир дуранг билан кучли ўнликда бормоқда.