Ўзбекистон ва Озарбайжон ёш ижодкорлари ўртасида ўтказилаётган «Мəcлиси-фəрамуşан» номли халқаро онлайн мушоираси ҳам аслида ана шу эзгу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир.   Мазкур мушоира Ўзбекистоннинг Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази, Ўзбекистон ва Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси, «Ўзбекистон – Озарбайжон» дўстлик жамияти ҳамда Дунё Ёш Туркий Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилиб, унда ҳар икки мамлакатдан навқирон ижодкорлар қатнашмоқда.

Онлайн мушоиранинг бу галгисини Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази директори Самир Аббосов кириш сўзи билан очиб, икки халқнинг адабий ва маданий дўстлиги борасида ўз фикрларини билдириб, ушбу қадим мушоиранинг тарихи ҳақида иштирокчиларга сўзлади.  

– Озарбайжонда 2022 йил «Шуша йили» деб эълон қилиниши муносабати билан Ўзбекистонда кўплаб тадбирлар ва лойиҳалар режалаштирилган. Шу мақсадда ўтказиладиган шеърий учрашув ХIХ асрда Қорабоғда ўтказилган шоирлар мажлисининг давоми сифатида ташкил этилмоқда, – деди марказ директори Самир Аббосов ўз сўзида. – Мазкур мушоира орқали икки қардош халқнинг азалий ришталари мустаҳкамланишига ҳисса қўшилмоқда.

Мушоира якунида озарбайжонлик ва ўзбекистонлик ижодкорлар рағбатлантирилади, энг сара шеърлар эса тўплам холида чоп этилади.   Шу куни тилмочсиз бир-бирини тинглаган, тушунган шоирлар қалбига қадим туркий тилнинг оҳанглари шеър бўлиб кирди.     

Наргиза Асадова,

шоира