Манбага кўра, қўмита раиси Шерзод Кудбиев Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ким Хи Санг билан учрашув ўтказди.
Шерзод Кудбиев учрашув аввалида кўп асрлик дўстлик ва мустаҳкам ишончга асосланган ўзбек-корейс мулоқоти бугунги кунда ҳам изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Шунингдек, жаноб элчига мамлакатимиздаги фаолияти давомида Корея Республикаси Миллий солиқ хизмати ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатлар янада юқори босқичга кўтарилишига ишонч билдирди.
Таъкидлаш лозим, Ўзбекистон солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотларда Корея Республикаси энг яқин ҳамкорларимиздан бири саналади.
Мамлакатимиз Президентининг жорий йилда Давлат солиқ қўмитасига ташрифи давомида айнан Корея Республикасида Ўзбекистон солиқ хизмати ходимлари малакасини оширишни йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берган эди. Шу нуқтаи назардан учрашувда Корея тажрибасини ўрганиш мақсадида, доимий равишда Ўзбекистон солиқ органлари ходимлари учун Корея Миллий солиқ хизматида малака ошириш тизимини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўз ўрнида элчи жаноблари юксак ишонч ва яқин ҳамкорлик, қолаверса, самимий руҳда ўтган учрашув учун миннатдорлик изҳор этиб, икки мамлакат солиқ тизими ўртасидаги алоқаларини яна-да мустаҳкамланишида ҳамкорликка тайёр эканлигини билдирди.