Корея Республикаси делегацияси таркибидан халқаро солиқ солиш масалалари, комплаенс-назорат ва халқаро шартномаларни тартибга солиш бўйича етакчи экспертлар ўрин олган.

Учрашувда  Covid-19 пандемияси даврида икки мамлакат солиқ идоралари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва солиқ маъмуриятчилигини рақамлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Томонлар ўз мамлакатларида солиқ соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижалари, хусусан, солиқ маъмуриятига рақамли технологиялар жорий этилгандан кейинги ютуқлар билан таништирдилар. Ушбу йўналишдаги ўзаро алоқалар, шунингдек мавжуд тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда келгусидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Ахборот таъминоти ва кадрлар тайёрлаш соҳаси ҳам диққат марказида бўлди. 

Корея Республикаси Миллий солиқ хизмати раҳбари Ким Даэжи Ўзбекистон давлат солиқ органлари эришган ютуқларни юқори баҳолади ва соҳада олиб борилаётган трансформация солиқ маъмуриятчилигини янада оптималлаштиришга ва солиқ тўловчилар ишончини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз эканлигини таъкидлади. 

Ташрифи доирасида меҳмонларга Давлат солиқ қўмитаси Маълумотларни қайта ишлаш маркази ва Ахборот-коммуникация технологиялари департаментининг янгиланган бўлимлари, жорий йил охирида татбиқ этилиши режалаштирилган маҳаллий замонавий дастурий таъминот ишланмаларининг тақдимоти намойиш этилди.