Шу боис, бугун МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон таэквондо WТ ассоциацияси раиси Шерзод Ташматов мураббийлар штаби билан йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда Павел Хан бошчилигидаги штабнинг сўнгги даврдаги фаолияти кескин танқидий кўриб чиқилди. Aйниқса, Рим Гран-присида таэквондочиларимизнинг иштироки, йўл қўйилган камчиликлар ва уларнинг ечимларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Шерзод Ташматов ўтган мусобақада жамоамиз қайд этган натижадан умуман қониқмаганини айтиб, кейинги стартларга бутунлай бошқача ёндашув билан тайёрланиш лозимлигини билдирди ва деярли натижа бермаётган мутахассисларни кескин огоҳлантирди. МОҚ раиси ўринбосари, керак бўлса, мураббийлар штабининг таркибни янгилаш, унга вилоятлардаги тажрибали тренерларни жалб қилиш масаласини ҳам кўриб чиқди. Шунингдек, йиғилиш давомида ҳар бир вазн тоифасида ёшлардан иборат захира спортчиларининг бугунги ҳолати, кўрсатаётган натижалари таҳлил қилинди.

Таъкидлаш жоиз, 24-27 июнь кунлари Корея Республикасида навбатдаги Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Шунингдек, августда Туркиянинг Коня шаҳрида ўтказиладиган Ислом бирдамлиги ўйинлари дастурига ҳам таэквондо спорти киритилган. Шерзод Ташматов суҳбат давомида терма жамоамизнинг мазкур мусобақаларга тайёргарлигини максимал даражада кучайтириш бўйича тегишли кўрсатмалар берди.