Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази Ўзбекистон Бадиий академияси билан ҳамкорликда республиканинг ихтисослашган ўқув юртлари ўқувчилари ва талабалари ўртасида ўтказилган “ШҲТ жаҳон мероси Ўзбекистон ижодкор ёшлари нигоҳида” мавзусидаги асарлар танлови ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Мазкур танлов ШҲТ мамлакатларини бирлаштирувчи маданий оламнинг ноёб бойлиги моҳиятини кенг тушуниш, истеъдодларнинг намоён бўлиши учун шароит яратиш, мустақил ва ижодий фикрловчи ёшларни қўллаб-қувватлаш ва ижодкор ёшларнинг истеъдодли вакилларини аниқлашда ажойиб имконият яратди.
Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази раҳбари Қобилжон Собиров танлов иштирокчиларига миннатдорлик билдириб, асосий мақсад ШҲТ мамлакатлари маданияти, тарихи, анъана ва қадриятларига қизиқишини оширишдан иборатлигини таъкидлади. Бугунги кунда халқ дипломатияси институти ижодий, таълим, илмий, тарғибот-ташвиқот йўналишларида ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, тасвирий ва амалий санъат, дизайн, музейшунослик ҳамда санъатшунослик соҳаларида фаолият олиб бораётган ёшларни муносиб рағбатлантириб боришнинг ижобий омили сифатида алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Тақдирлаш маросимида фахрий меҳмонлар қаторида Ўзбекистон Бадиий академияси раҳбарияти, Ижодий фаолиятни мувофиқлаштириш ва бадиий лойиҳалар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Наргис Тошпўлатова, Миллий расомлик ва дизайн институтининг катта ўқитувчиси Василий Хапов ҳамда П. Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабининг Маънавият бўйича директор ўринбосари Фарҳоджон Зокиржонов танловдаги ижодий асарларда катта рассомларга хос қараш, ранглар уйғунлигидан санъат асари яратганига гувоҳ бўлганларини алоҳида таъкидлади.
Мазкур танловга жаъми 200 га яқин ижодий асарлар тақдим этилган бўлиб, Бухоро, Жиззах, Хоразм, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент вилояти ҳамда пойтахтимиздаги ихтисослашган ўқув юртлари ўқувчи ва талабалари фаол қатнашди.
Ижодий асарлар ўзига хос, самимий талқин этилгани боис танлов ҳайъати аъзоларига ғолибларни аниқлаш осон кечмади.
Ижодий асарлар орасида ўзининг мазмун-моҳияти билан танлов талабларига тўла жавоб берган иншо муаллифи — Сирдарё ихтисослаштирилган санъат мактаби-интернати ўқувчиси Сатторова Севинч бош совринга муносиб, деб топилди. “ШҲТ Жаҳон мероси Ўзбекистон ижодкор ёшлар нигоҳида” мавзусида асарлар танлови талабларига тўла жавоб берган ижодий асар муаллифи, биринчи ўрин соҳиби — Сирдарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ўқувчиси Ҳабибуллаева Азиза муносиб тақдирланди.
Шунингдек, асарлар танловнинг “Ранг тасвир”, “Графика”, “Ҳайкалтарошлик”, “Мавзуга мос ижод”, “Маҳорат”, “Нафислик”, “Фаол устоз”, “Фаол санъат-мактаби” номинациялари бўйича ғолиб деб топилганларга эсдалик совғалари тақдим этилди.
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси
марказининг ахборот хизмати