Жумладан, суд тизимининг оммавий ахборот воситалари билан ўзаро алоқаси, ОАВнинг судларга одил судловни амалга оширишдаги таъсири масалалари кўриб чиқилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козим Комилов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этди. Шунингдек, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Россия, Тожикистон, кузатувчи мамлакатлар – Беларусь Республикаси, Эрон Ислом Республикаси Олий судлари раислари ва судьялари қатнашди.
Йиғилишда ШҲТ Бош котиби В.Норовнинг йиғилиш қатнашчиларига йўллаган видеомурожаати намойиш этилди.
ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро англашув ва ишонч, ташкилот Хартияси, аъзо давлатларнинг узоқ истиқболга мўлжалланган яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, ШҲТни 2025 йилгача ривожлантириш Стратегиясига мувофиқ ҳамда минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш тамойиллари асосида мустаҳкамланаётгани таъкидланди.
Қайд этилганидек, ШҲТ умумий манфаатларни ҳимоя қилишнинг самарали тизимидир. Яхши қўшничилик ва дўстликни мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашда бу нуфузли тузилма муҳим роль ўйнамоқда. ШҲТ ташкил этилганидан буён унга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва тушуниш, юқори даражадаги ишонч, биргаликда қарорлар қабул қилиш руҳи шаклланди.
Тадбирда ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг қонун устуворлиги, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ушбу соҳада тажриба алмашиш борасидаги ҳамкорлигини янада фаоллаштиришга қаратилган долзарб масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, суд тизимининг оммавий ахборот воситалари билан ўзаро алоқаси, ОАВнинг судларга одил судловни амалга оширишдаги таъсири масалалари кўриб чиқилди.
Делегатлар суд ишларини экстерриториал тартибда кўриб чиқишни жорий қилиш масаласига ҳам тўхталди. Бунда судларни рақамлаштириш ва одил судловни амалга ошириш жараёнида IT-технологияларни қўллаш механизмига эътибор қаратилди.
Ҳакамлик судлари қарорларини ижро этиш, давлат ҳамда муниципал хизматларга қарши коррупциявий ва бошқа жиноятлар бўйича суд амалиёти, ШҲТга аъзо давлатлар жиноят қонунчилигида инсонпарварлик тамойилларини татбиқ этишнинг ижобий ва салбий томонлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Тадбирда Ўзбекистон судларида ишларни кўришнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, аҳолининг судларга мурожаат қилиш имконият даражасини ошириш борасида жорий этилган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳақида тақдимот қилинди. Мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш йўлида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, коррупцияга оид жиноят ишларини кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти, жиноят қонунчилигини либераллаштириш соҳасида, жумладан, муқобил жазо турларини тайинлаш ва уларни қўллаш механизмини ишлаб чиқиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Йиғилиш якуни бўйича қўшма баёнот қабул қилинди. Унда ШҲТга аъзо давлатларининг Олий судлари ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, хавфсизлик, барқарорлик, хайрихоҳлик, халқларимиз тинчлиги ва фаровонлигини сақлашга янада кўпроқ ҳисса қўшиш ниятида экани ўз аксини топган.
Иштирокчилар миллий ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёр ва тамойилларига асосланган ШҲТга аъзо давлатлар суд тизимларини ривожлантириш учун Олий судлар ўртасида мазмунли мулоқотни давом эттириш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг навбатдаги йиғилиши 2022 йилда Тожикистон Республикаси Олий суди раислигида ўтказилади.