Хабарингиз бор, жорий йил 19-21 май кунлари пойтахтимиз Тошкент Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатларнинг жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга масъул вазирлик ва идоралари раҳбарларининг йиғилишига мезбонлик қилади.
Шу муносабат билан ШҲТга аъзо мамлакат масъулларининг юртимизга келиши давом этмоқда. Хусусан, Спортни ривожлантириш вазирлиги хабарига кўра, Россия Федерацияси спорт вазири Олег Матитсин, Қозоғистон маданият ва спорт ишлари вазири ўринбосари Серик Жарасбаев раҳбарлигидаги делегациялар пойтахтимизга етиб келди.
Юқори мартабали меҳмонларни Адҳам Икрамов бошчилигидаги Спортни ривожлантириш вазирлиги мутасаддилари Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида илиқ қарши олди. Меҳмонлар бўлажак йиғилиш жисмоний тарбия ва спорт ривожига салмоқли ҳисса қўшишини алоҳида таъкидлади.
Мазкур йиғилиш кун тартибидан келгусида режалаштирилган юқори даражадаги спорт мусобақаларини ташкил этишда ҳамкорликни ривожлантириш, ШҲТ давлатлари ўртасида спорт соҳасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, давлатлар ва ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари жой олган.