Унда академик ҳамда профессорлар «Тиббий тарғиботнинг долзарб муаммолари» мавзусини муҳокама қилиб, бу борада ўзаро фикр алмашди.

Ушбу тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров жамиятнинг бебаҳо бойлиги ҳисобланган инсон саломатлигини асраш йўлида оммавий ахборот воситалари орқали олиб борилаётган тарғибот ишлари аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, касалликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этиши хусусида сўз юритди.

Кенг оммага мўлжалланган «Шифо-инфо» газетаси жамоаси ҳам эзгу мақсад — халқимизнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, ёшларда тиббий маданиятни шакллантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида самарали фаолият олиб боряпти. Ўзининг доимий ўқувчиларига эга бўлган ва муштарийлар меҳрини қозонган мазкур нашр саҳифаларида инсон саломатлигини учун жуда фойдали маълумотлар, тиббиётга доир тавсия ва маслаҳатлар бериб борилаётгани эътирофга молик.

«Шифо-инфо» газетасининг таҳрир кенгаши ва таҳрир ҳайъати аъзолари Ўзбекистондаги йирик олимлар — тиббиёт фанлари доктори, профессор ва академиклардан иборат экани унинг юксак салоҳиятидан далолат беради.

Газетанинг доимий муаллифлари ҳам шифокорлар ҳисобланади. Улар касбий маҳорати, тажрибаси, қимматли маслаҳатлари билан беморлар дардига малҳам бўлиб келяпти.

Ўтказилган тадбир доирасида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиб келаётган «Шифо-инфо» газетаси таҳририятига «Yurida-Orfo» дастури сертификати беғараз ёрдам сифатида тақдим этилди. Бу дастур кирилл ёки лотин алифбосидаги матнларнинг орфографик бехато ёзилишини таъминлашга мўлжалланган, деб хабар беради Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси матбуот хизмати.