Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчисининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимини барқарор ривожлантиришга қаратилган қўшма лойиҳаси доирасида ўтказилди.
Машғулотларни ташкил этишда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти ва Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази ҳам иштирок этди.
Тренингдан мақсад – Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти ва Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази тиббиёт ходимларининг Истанбул баённомасига мувофиқ қийноққа солиш ва шафқатсиз муомалани самарали ҳужжатлаштириш борасидаги халқаро стандартлардан хабардорлигини оширишдан иборат.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А. Саидов 2017 йилдан буён Ўзбекистонда шафқатсиз муносабатнинг олдини олиш бўйича изчил ишлар олиб борилаётганини қайд этди. Тадбирда, шунингдек, Истанбул баённомасини самарали қўллаш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, тиббиёт муассасалари ва экспертлар ҳамжамияти ўртасида яқин идоралараро ҳамкорликни талаб этиши айтилди.
ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, элчи А.Карттунен ўз нутқида Истанбул баённомасининг асосий унсурига – жабрланувчига йўналтирилган ёндашувга урғу берди. Шу билан бирга, ушбу жараёнда тиббиёт ходимларининг фаолияти муҳим ахлоқий аҳамиятга эгалиги таъкидланди.
Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Тиббиёт бўлимининг бош мутахассиси Ф. Олимов иштирокчилар эътиборини озодликдан маҳрум этиш жойларидаги ишнинг ўзига хос жиҳатларига қаратди. У қийноққа солиш ҳолатларини ўз вақтида аниқлашда тиббий кўрикларнинг тўлиқ холислиги ва мустақиллигини таъминлаш зарурлигини қайд этди.
Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг Хоразм филиали бошлиғи А. Машарипов экспертизанинг қонунийликни таъминлашда асосий воситалардан бири сифатида тутадиган роли ҳақида тўхталди. У мутахассисларнинг касбий малакасини ошириш ва халқаро стандартларни жорий этиш инсон ҳуқуқлари ҳимоясига бевосита таъсир қилишини таъкидлади. А. Машарипов эксперт фаолиятининг илмий асосланганлиги ва мустақиллиги тамойилларига риоя этишнинг аҳамиятини уқтириб, олинган билимларни Марказнинг ҳудудий филиалларида амалда қўллаш учун бу каби ўқув тадбирларининг муҳимлигини эътироф этди.
Тренингнинг амалий қисми халқаро экспертлар — қамоқхоналар ислоҳоти ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро маслаҳатчи, Халқаро пенитенциар жамғарма вакили А. Шамбилов ҳамда Истанбул баённомасини ишлаб чиқишда бевосита иштирок этган Истанбул баённомаси бўйича халқаро эксперт, Тбилиси давлат тиббиёт университети суд тиббиёти кафедраси мудири Р. Бериашвили раҳбарлигида бўлиб ўтди.
Иштирокчиларга ўн йиллик жаҳон тажрибаси асосида ишлаб чиқилган ҳужжатнинг янгиланган иккинчи нашри тақдим этилди. Мутахассислар ахлоқий меъёрлар, интервью ўтказиш усуллари, жисмоний далилларни қайд этиш ҳамда номақбул ўтказилган мулоқотнинг руҳий оқибатларини баҳолашни ўз ичига олган баённома мазмун-моҳиятини батафсил таҳлил қилдилар.
Ўқув машғулотлари доирасида маълумотларни сақлаш тизимига ишончнинг йўқлиги тергов учун зарур бўлган муҳим тафсилотларнинг ошкор этилишига тўсқинлик қилиши мумкинлиги таъкидланди.
Тренинг якунида Ўзбекистонда қийноқларни ҳужжатлаштириш тизимини такомиллаштириш бўйича кейинги қадамлар муҳокама этилди. Иштирокчилар махфийликни таъминлаш учун қабул хоналарида видеокузатув йўқлигини таъминлашни, шунингдек, малакали кадрлар танқислигини бартараф этиш чора-тадбирларини кўришни таклиф қилдилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази матбуот хизмати.