Агар кучли қон кетиш жараёни ички аъзоларда юзага келса, вазият янада оғирлашиши турган гап. Бундай пайтда беморнинг марказий қон томирига игна ва катетер киритиш талаб этилади.

Аммо ушбу амалиёт жуда мураккаб ҳисоблангани боис, одатда жароҳат эгаси шифохонага етказилганидан сўнг бажарилади.

Америкалик олимлар ана шундай тиғиз ва қалтис ҳолатларда шифокорларга яқиндан ёрдам берадиган дастёр роботни яратишди. 

“AI-GUIDE” деб номланган ушбу портатив қурилма сунъий интеллект ёрдамида бошқарилади. У ультратовуш қурилмалари билан бирлаштирилиши мумкин бўлган махсус алгоритмлар ва интеграцияланган робототехникадан ташкил топган.

Инновацион ускуна катетерни сон артериясига саноқли сониялар ичида ва ҳеч қандай қийинчиликсиз жойлаштириш имконини беради. 

Бунинг учун аввал у бемор танасига қўйилади. Дисплей мосламани керакли жойга йўналтиради ва сўнгра фойдаланувчи махсус тугмани босади. Шундан кейин игна бемор танасининг зарур нуқтасига киритилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур дастёр робот фавқулодда ҳолатларда кучли ички қон кетиши кузатилган кўплаб беморлар ҳаётини сақлаб қолиш имконини бериши мумкин.