Бу ҳақда Yonhap Жанубий Корея Қуролли кучлари штаб бошлиқлари қўмитасига таяниб хабар берди.
Ҳодиса 9 июнь, якшанба куни маҳаллий вақт билан соат 12:30 да содир бўлган. Қўмита маълумотларига кўра, Шимолий Корея ҳарбийлари икки Кореяни ажратиб турувчи демилитаризация қилинган ҳудуднинг марказий қисмида демаркация чизиғини бузган.
Жанубий Корея томони овоз кучайтиргич орқали огоҳлантириш эълон қилган, кейин эса огоҳлантирувчи ўқ узган. Шимолий Корея ҳарбийлари ўз ҳудудига қайтган. Шундан сўнг улар томонидан ҳеч қандай “ғайриоддий фаоллик” қайд этилмаган.
Қўмита расмий вакили Ли Сон Чжун КХДР ҳарбийлари чегарани атайлаб кесиб ўтганига ишонмайди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда демилитаризация қилинган ҳудуд ўт ва буталар билан қопланган, бу демаркация чизиғи белгисини кўришни қийинлаштирмоқда, деб хабар беради report.az.