Ушбу рукннинг илк сонида Ширин шаҳрига кириш қисмининг аввалги – эски ҳолати ва янги кўриниши эълон қилинган эди. Лойиҳанинг бугунги сонида энергетиклар шаҳри ҳисобланмиш Ширин шаҳрида жойлашган «Фарҳод ГEС» нинг қурилиши ва ташкил топиши бўйича тўхталиб ўтамиз.

«Фарҳод ГEС» — Сирдарёнинг ўрта оқимида, Фарҳод гидроузелида жойлашган гидроэлектр станция. ГEС қурилиш ҳақидаги қарор 1942 йил 18 майда қабул қилинган бўлиб, қурилиш 1943 йил 10 февралда умумхалқ қурилиши сифатида — ҳашар йўли билан бошланган.

1948 йилда биринчи гидроагрегати ишга туширилган, 1949 йил июнь ойидан ўрнатилган умумий қуввати 126 МВт бўлган 4 та гидроагрегатли тўла қувват билан ишлай бошлади, 1951 йилда станция саноат фойдаланишига қабул қилинди.

«Фарҳод» ГEС Сирдарё вилояти шаҳар ва туманларини, шунингдек, «Бекободцемент», «Ўзбекистон металлургия комбинати» каби йирик корхоналарни электр энергияси билан доимий таъминлаб келмоқда. Қувватлар 110, 35,6 киловолт кучланишда узатилади. Мазкур гидроэлектр станция Ўрта Осиё Бирлашган энергетика тизими («Энергия» бирлашган диспетчерлик маркази)га уланган.

Ҳозирги кунда мазкур йирик электр станциясининг ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш мақсадида лойиҳа қиймати 58,7 миллион еврога тенг модернизация ишлари олиб борилмоқда. Ушбу жараён жорий йилнинг декабрь ойида тўлиқ якунланиши кўзда тутилган, деб хабар беради Сирдарё вилояти Ширин шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.