Хотира буюк, қадр муқаддас. Аждодлар хотирасини ёд этиш, Ватанимиз озодлиги, ҳимояси йўлида жон фидо этган ота-боболаримизни руҳини шод айлаш, қаторимизда умр кечираётган кексаларимизни, фахрийларимизни қадрлаш халқимизга хос бўлган муқаддас қадриятдир.
Шараф ленталарини тақиш билан бошланган «Хотира бор экан, миллат барҳаёт», «Эътибор ва ғамхўрлик – инсоний бурч» шиорлари остида байрам тадбирида Хотира майдонидаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.
Ўтганлар хотираси ёд этилиб бир дақиқа сукут сақланди.
Ёшлар, нуронийлар, маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари иштирок этган тантанали маросимда Иккинчи жаҳон урушида кўксини қалқон қилган ҳарбийлар хотираси абадий эканлиги, тинчлик, фаровонликда яшаётганлигидан барча ватандошлар шукроналикда яшаши лозимлиги таъкидланди.
Тадбир давомида шаҳар маданият бўлими ҳамда ҳарбий қисм томонидан иккинчи жаҳон уруши йиллари акс этган таъсирли бадиий саҳна кўринишлари намойиш этилди, деб хабар беради Ширин шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.

Энергетикалар шаҳрида байрам тадбирлари давом этади.