Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги “Шодиёна” маҳалласи аҳли, айниқса, болалари яқин йилларгача қаерда футбол ўйнасак, қаерда югурсак, қаерда жисмоний тарбия билан шуғуллансак, дея сарсон эди. Давлатимиз раҳбари бешта муҳим ташаббусни илгари сурди-ю, муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлди.
Иккинчи ташаббус – ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш мақсадида “Шодиёна”да футбол майдони барпо этилди. Орадан кўп ўтмай, замонавий болалар ўйин майдончалари бирин-кетин фойдаланишга топширилди. Бугун улар сони бештага етди. Яқин-яқингача болаларининг дарсдан бўш вақтини қандай ташкил этишни билмай боши қотадиган маҳалла фаоллари ва ота-оналар бундан беҳад мамнун.
Маҳалла оқсоқоли Убайдулла ота Усенов ёшлар ишлари бўйича маслаҳатчи Ойбек Камолиддиновни ҳузурига чорлаб, бу қулайликдан оқилона фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар режаси тузишни топширди. Дарҳол ишга киришилди. Аввало, ҳудудга туташ жойлашган мактабларнинг жисмоний тарбия ўқитувчилари билан ҳамкорликда спорт машғулотлари режаси ишлаб чиқилди. Шу асосда маҳалла болаларини спортга мунтазам жалб этиш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш борасидаги ишлар тизимли йўлга қўйилди. Болалар ҳам бу имкониятдан оқилона фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Яқинда туман маҳаллалари ўртасида ўтказилган футбол мусобақасида шодиёналиклар ғолиб бўлгани бунинг исботи. Қолаверса, маҳалла ёшлари туман ҳокими кубоги учун ўтказилган турли спорт мусобақаларида, секторлар ўртасида ташкил этиладиган беллашувларда совриндорлар сафидан жой олмоқда. Маҳалла оқсоқоли хонасининг бир бурчагини эришилган ана шундай натижалар акс этган ташаккурнома ва фахрий ёрлиқлар безаб турибди.
Маҳаллада бу борада яратилган шароитлар билан бевосита танишиш учун гузарга кириб борганимизда бир гуруҳ ўқувчилар шахмат ўйнаётган, маҳалла оқсоқоли эса, уларга ҳақамлик қилаётган экан. Яна бир гуруҳ болалар эса футбол майдонида эди. Болаларни суҳбатга тортдик.
– 249-мактабнинг 7-синфида ўқийман, – дея таништиради ўзини Абдуллоҳ Асадуллаев. – Мактабимизда спортнинг барча турлари билан шуғулланиш учун шароит етарли. Маҳалламизда ҳам шундай қулайлик яратилгани жуда зўр иш бўлди. Чунки дарсдан бўш вақтимиз, асосан, маҳаллада ўтади. Маҳалламиз футбол майдони доимо ёшлар билан гавжум. Бу ерда ўзаро беллашамиз, маҳоратимизни оширамиз. Ғолиб жамоалар туманда бўлиб ўтадиган турли спорт тадбирларига қатнашиши мумкин. Бу имконият бизнинг қизиқиш ва салоҳиятимизни рўёбга чиқаришда қўл келмоқда.
Футбол майдончасига ёшдош болалар ўйин майдончаси ҳам ўғил-қизлар билан гавжум. Бу ерда йигирмадан ортиқ турли ўйин қурилмаси ўрнатилган. Улардан нафақат кичкинтойлар, балки ўсмирлар, катта ёшлилар ҳам бемалол фойдаланишлари мумкин.
– Айниқса, эрта саҳарда ва кечки салқин пайтларда бу жой аҳоли билан гавжум бўлади, – дейди 57 ёшли Лобар Юсупова. –. Спорт билан шуғулланиш фарзандларимизнинг ҳам, ўзимизнинг ҳам соғлиғимиз учун жуда фойдали. Масалан, мен қанд касаллигидан азият чекардим. Ҳар куни муайян вақтда машғулот ўтказишим натижасида аҳволим яхшиланмоқда. Ёшлар хурсанд, кексалар дуода.
Дарҳақиқат, Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ҳамда “Обод маҳалла” дастури доирасида жойларда амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида оммавий спортни тарғиб этиш, ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб вояга етказиш, уларда турли ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётир.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги маълумотига кўра, ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасидаги қобилиятини намоён қилиши учун зарур шарт-шароит яратиш мақсадида 2021 йилнинг биринчи чорагида 70 мингга яқин турли спорт мусобақаси ташкил этилган. Бу спорт мусобақаларига 2 миллиондан зиёд иштирокчи қамраб олинган.
Жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш ҳамда соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларни шакллантириш орқали одамлардан касалликка қарши кучли иммун тизими пайдо бўлишини таъминлаш мақсадида “Соғлом турмуш тарзи ривожланган маҳалла” танлови ўтказилмоқда. Кўрик-танлов ҳар чорак якуни бўйича ўтказилади ҳамда унда иштирок этган маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолининг доимий равишда жисмоний тарбия машғулотларига жалб этилиши, соғлом овқатланиш ва соғлом турмуш тарзига риоя қилиши, маҳаллада зарур спорт инфратузилмаси мавжудлиги, ўтказилган мусобақалар сони, маҳалла аҳолисининг касалланиш даражаси пасайиб бориши кўрсаткичларига кўра баҳоланади.
Жорий йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, танловда юртимиздаги мавжуд маҳалла фуқаролар йиғинларининг қарийб 70 фоизи иштирок этди. Танлов доирасида ўтказилган тадбирларда эса 865 минг 200 га яқин фуқаронинг иштироки таъминланди.
– Маҳалламиз ҳам ана шундай тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда, –дейди У.Усенов. – Айниқса, ёшларимиз ташаббускорлиги ва интилувчанлиги билан ўзига хос натижаларга эришмоқда. Табиийки, биз, маҳалла фаоллари ҳамиша уларни қўллаб-қувватлаш ва кўмак беришга ҳаракат қиламиз. Зеро, бугунги кун талаби ҳам ёшларни ҳар томонлама чиниқтириш, фарзандларимизнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни эртанги кунимизнинг муносиб давомчилари этиб тарбиялашдир
Баҳор ХИДИРОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири