— Шу йил 21 июль куни ер ҳисоби ва давлат кадастрини тўлиқ шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда Президентимиз ер ҳисоби, давлат кадастрини тўлиқ шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш юзасидан аниқ вазифалар қўйди.

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри соҳасини ислоҳ қилиш ва тубдан такомиллаштириш бугунги куннинг талаби. Жумладан, йил охиригача ер тури, контури, чегараси ва фойдаланувчилар ҳақида маълумотлар жамланган ахборот тизимини ишга туширишимиз лозим.

Геопортал ишга тушгандан кейин ҳар бир фуқаро ва тадбиркор ер ажратиш жараёнини онлайн тизим орқали кузатиш имконига эга бўлади. Табиийки, бу ердан фойдаланишда қонун бузилишларининг олдини олиш, соҳада очиқлик, шаффофликни таъминлашга замин яратади.

Бундан ташқари, ер назоратини самарали юритиб, ҳосилдорликни таҳлил қилиш, ерларни суғориш ҳолатини мунтазам ўрганиш учун замонавий яхборот тизимларидан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада сунъий йўлдош орқали маълумотлар олишни йўлга қўйиш лозим. Шу мақсадда Жанубий Корея ва Европа давлатлари билан келишувга эришганмиз. Йил охирига қадар бу тизимни ишга туширамиз.

Шунингдек, йиғилишда бугунги кунда 21 та кадастрнинг 16 таси тўлиқ шаклланмагани, бунинг натижасида ерлар, йўллар, электр тармоқлари ва қувурлар ҳақида аниқ маълумот йўқлиги ҳам айтиб ўтилди. Масалан, автомобиль йўллари кадастри 23 фоизга, маданий мерос иншоотлари кадастри 32 фоизга, қувурлар кадастри 32 фоизга, шаҳарсозлик кадастри атиги 63 фоизга шаклланган. Шу боис, ишчи гуруҳ тузган ҳолда ҳар ойда бу йўналишдаги ишларни муҳокама қилиб, йил охирига қадар шакллантирилмаган давлат кадастрларини хатловдан ўтказилади. Албатта, соҳани ривожлантириш ва мукаммал тизим сифатида шакллантириш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилади.