Ўтган йил сарҳисоби ҳамда истиқболдаги устувор вазифаларга бағишланадиган Мурожаатнома халқимизнинг барча қатлами томонидан катта қизиқиш билан кутиб олмоқда.
Ушбу Мурожаатномаларда мамлакатимизни яқин келажакда ривожлантиришга қаратилган стратегик дастурлар, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маънавий-маърифий масалалар ўз аксини топмоқда. Айниқса, қонун устуворлигини таъминлаш, бошқарувни демократлаштириш ҳамда барча соҳаларни юксалтиришга йўналтирилган таклиф ва ташаббуслар давлатимиз ва жамиятимиз ҳаётида ўзининг ижобий натижаларини кўрсатмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг парламент вакиллари ҳамда халқимизга қилган бу йилги Мурожаатномаси мамлакатимизнинг сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид кўп масалаларни, ўз ечимини кутиб турган муаммоларни қамраб олди, десак муболаға бўлмайди. Юртбошимиз томонидан кириб келаётган янги 2023 йилга «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб ном берилиши ҳам охирги етти йиллик давр ичида мамлакатимизда инсон қадрини ошириш, манфаатларни юксалтириш ҳамда фуқароларимизнинг маънавий-ахлоқий, сиёсий-ҳуқуқий ва замонавий тафаккурларини ошириш борасида олиб борилаётган ишларнинг узвий давоми бўлиб хизмат қилади.
Қайд этиш лозимки, таълим тизимини ислоҳ этиш, таълим сифатини ошириш билан бирга, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, жамиятимизда ўқитувчи ва мураббийларнинг тутган мавқейини ошириш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар янги босқич олиб чиқилди.
Битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш 9 фоиздан 38 фоизга етди, олий таълим муассасалари сони 2,5 баробарга ошиб, 198 тага етди ҳамда қабул жараёнларида турли адолатсизликларга барҳам берилди. Олий таълим муассасаларида кадрлар тайёрлаш жараёнлари, ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш тизими такомиллаштирилди ҳамда хорижий олий таълим муассасалари билан профессор-ўқитувчи ва талабалар алмашинуви, лойиҳавий ҳамкорлик ишлари кенгайтирилди.
Юртбошимиз томонидан таълим тизимини қўллаб-қувватлашга яна алоҳида эътибор қаратилиши, ўқитувчилар мақомини, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни бош Қомусимиз – Конституцияда алоҳида белгилаш ташаббусини илгари сурилиши мамлакатимизда таълим-тарбияга қаратаётган эътиборнинг яна бир исботи бўлди.
Европа касбий таълим стандартлари асосида вилоятларда техникумлар ташкил этилиши амалда фаолият юритаётган техникумларга намуна бўлиш билан бирга, ўрта махсус таълим тизимида эркин рақобат муҳитини мустаҳкамлайди ҳамда таълим сифатини замон талабаларида ташкил этишга хизмат қилади. Тан олишимиз керакки, бугунги кунда саноат-қурилиш, ишлаб чиқариш, логистика ва энергетика тизимида ҳамда ушбу соҳалар учун рақобатбардош кадрлар тайёрлаш жараёнларида айрим муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда. Давлатимиз раҳбарининг кимё саноати, электротехника, транспорт ва энергетика соҳаларида нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Муҳандислик мактабларини ташкил этилиши ушбу муаммоларни бартараф этишга ёрдам беради.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу Мурожаатнома мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ҳаётида ижобий ишларни амалга оширишга, инсон манфаатларини улуғлашга, халқимизни рози қилишга қаратилган мурожаат бўлди. Янги йилни «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб номланиши эса, биз таълим соҳаси вакиллари учун юксак шараф бўлиш билан бирга, соҳадаги барча раҳбар ва ходимларга, профессор-ўқитувчи ва мураббийларга катта масъулият ва вазифа юклайди.
Давлатимиз раҳбари билдирган ишончни оқлаб, ўз вазифамизга янада масъулият билан ёндашиб, тизимдаги муаммоларни бартараф этишимиз, таълим-тарбия жараёнларини сифатли ташкил этишда бор куч-ғайратимиз ва имкониятимизни сафарбар этишимиз келажак авлод олдидаги юксак вазифамиздир.
Одилжон Маматкаримов,
Наманган муҳандислик-технология институти ректори,
физика-математика фанлари доктори, профессор,
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати