Бугунги кунда жаҳон миқёсида ривожланиб бораётган технологиялар таълим соҳасида, хусусан педагог кадларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан боғлиқ жараёнларда жиддий ўзгаришларни талаб қилмоқда. Айниқса, тиббиёт мутахассисларининг чет тилларини билишлари ва уларнинг ҳам касбий ҳам илмий билимларини оширишда муҳимдир. Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларини ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мос равишда ТТА хузуридаги педагог кадларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Тармоқ маркази ўқув жараёнларини бошиданоқ тиббиёт соҳаси мутахассисларининг чет тилларини, хусусан инглиз тилини билишлари учун кенг кўламли ишлар олиб борилди. Яъни “Амалий хорижий тил” модули бўйича тиббиёт мутахассислигига йўналтирилган инглиз тили ишчи дастури ишлаб чиқилди ва назарий ҳамда амалий машғулотлар ташкил этилди. Инглиз тилини махсус мақсадларда ўрганиш эҳтиёжларини аниқлашда қуйидагилар асос сифатида олинди: тингловчининг айни вақтда тил билиш даражаси; тингловчининг заиф томонлари; тингловчининг тил билишдаги хоҳиш истаклари; мутахассиснинг инглиз тилига касбий эхтиёжи. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, тингловчилар билан махсус академик мақсадларда инглиз тили билан шуғулланишни ўз олдига муайян соҳа бўйича илмий-касбий терминологияни ўргатиш, илмий адабиётларни ўқиш, тушуниш, таҳлил қила олиш, илмий мақолалар ёзиш ва халқаро конфренцияларда маърузалар қила олишни, шунингдек соҳага оид энг сўнги маълумотлар билан танишишга кўмаклашишни мақсад қилиб қўйган.
Юқоридаги қарорга биноан пандемия даврида хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда ZOOM платформаси орқали “Махсус мақсадларга йўналтирилган инглиз тили модули”дан дарслар мунтазам равишда онлайн тарзда самарали олиб борилди.
Замонавий мутахассис жадал одимлар билан глобаллашув жараёнини босиб ўтар экан, у албатта икки ва ундан ортиқ тилларни билиши зарур. Шу сабабдан тармоқ марказимизда малакасини ошираётган тингловчиларни инглиз тилида замонавий билимларга эга мустақил фикрлайдиган ижодий тафаккур соҳиби бўлиши учун уларга лингвистик компетенция таркибидаги тинглаб тушуниш (Listening), гапириш (Speaking), ўқиш (Reading), ёзув (Writing) бўйича материаллар тақдим этиляпти. Тажрибалардан келиб чиқадиган бўлсак, тиббиёт мутахассисларига кўпроқ Speaking, Reading, Listening материаллари уларга пандемия шароитида ZOOM орқали халқаро конференцияларда мавзуларни тинглаб тушунишларига ва шу жумладан муҳокамада бемалол ўз фикларини баён этишда самарасини беряпти. Writing эса уларнинг илмий мақолалар, хатлар, шахсий маълумотлар ёзишларига кўмак беради. Шуни ҳисобга олган ҳолда ҳар бир дарс давомида тингловчиларга тинглаб тушуниш учун соҳага оид ТВ ва радио дастурлар, гапириш учун ўз мутахассислиги бўйича тақдимотлар ва шунингдек тиббиётга оид матнларни ўқиб, умумий мазмунини тушуниш учун материаллар тақдим этилади.
Тиббиётда юқори малакали кадрлар тайёрлашда профессор- ўқитувчиларнинг ўзидан юқори савия талаб этилади. Шундай экан, Президентимизнинг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора- тадбирлари тўғрисида”ги фармонига амал қилган ҳолатда тармоқ маркази профессор ўқитувчилари барча тиббий мутахассислик фанлари модулларини замонавий-хорижий тажрибаларга таянган ҳолда ва шунингдек хорижий тиббиёт таълим муассасалари билан кенг ҳамкорлик асосида олиб боришади. Тармоқ маркази проффессор-ўқитувчиларнинг амалий ва кўчма машғулотларни ташкил этиш учун Тошкентдаги Akfa Medline тиббиёт маркази билан ҳамкорлик шартномаси тузилган. Akfa Medline тиббиёт марказида диагностика ва даволашнинг замонавий ускуна ҳамда жиҳозларига эга, юқори малакали тиббиёт ходимлари иштирокида мураккаб амалиётларни ўтказишга мўлжалланган, Ўрта Осиёдаги энг кўп тармоқли тиббиёт маркази билан мунтазам равишда ҳамкорлик фаолиятини юритиб келмоқда.
Глобаллашув шароитида малака ошириш тизими олдига қўйилган кўп қиррали долзарб вазифаларни, тизимдаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида ТТА хузуридаги педагог кадларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Тармоқ маркази томонидан илк бор 2018 йил апрель ойида “Ўзбекистон ОТМ педагог кадрларни малакасини ошириш тизими: тажриба, муаммолар ва ривожланиш истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ташкил қилинди. Анжуманда нафақат Ўрта Осиё, СНГ мамлакатлари, балки Америка, Япония, Германиядан етук мутахассислар ўзларининг кадрларининг малакасини ошириш тизимидаги тажриба, муоммалар ва келажакдаги истиқболлари ҳақида тажриба алмашишди. Олий таълим тизимини модернизациялашнинг устувор йўналишлари ҳисобга олган ҳолда 2022 йилнинг 14 апрель куни Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларни малакасини ошириш тармоқ марказида “Ўзбекистон ОТМ педагог кадрларни малакасини ошириш тизими: тажриба, муаммолар ва ривожланиш истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференсиясини иккинчи бор ўтказилиши режалаштирилмоқда. Анжуманни ташкил этишдан асосий мақсад Ўзбекистонда ОТМ педагог кадрларининг малакасини ошириш тизими соҳасида тажриба, муаммолар ва ривожланиш истиқболларини ҳақида анжуман иштирокчилари билан фикр алмашиш ва ушбу соҳа тараққиётининг янги истиқболларини очиб бериш ва жадал ривожланган илғор ёндашувларни, инновацияларни тадбиқ қилишдир.
Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш жоизки, узлуксиз малака ошириш педагогикнинг фаолиятига янгиликларнинг изчил олиб кирилишини таъминлайди. Ўқитувчининг янгиланган инновацион фаолияти педагогик жамоани ҳаракатга келтирувчи, олға ундовчи, бунёдкорликка рағбатлантирувчи куч сифатида намоён бўлиб, таълим жараёнининг сифатини кафолатлайди.
Г. Хазратова,
ТТА хузуридаги педагог кадларни қайта
тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш
тармоқ маркази катта ўқитувчи